Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Беш ташаббус олимпиадаси”– ёшларнинг кўнглидан жой олган лойиҳа
14:49 / 2025-09-16

Ёшларимизнинг севимли лойиҳаси – “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йилги мавсуми ҳам бошланди. Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” шу кунларда барча ҳудудларда қизғин тус олмоқда.

Эндиликда иштирокчи ёшларни яна катта синовлар, ҳаяжонли танлов ва мусобақалар ҳамда рағбатлар кутмоқда.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва истеъдодини ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ва жисмоний баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида ташкил этилган мазкур лойиҳа жорий йилнинг 4 сентябрдан 29 сентябрга қадар ўтказилади.

Айни кунларда мазкур фестиваль доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган тадбирлар, лойиҳалар ва танловлар, учрашувлар, саёҳатлар, томошалар ўтказилмоқда. 

Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спортдаги қобилиятларини намоён қилишга қаратилган спорт мусобақалари, учрашувлар, соғломлаштирувчи тадбирлар ташкил этиш лойиҳанинг асосий тадбирларидан ҳисобланади.

Жумладан футбол, волейбол, баскетбол, мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари, оммавий югуриш марафонлари, велопойгалар шулар жумласидан.

Шунингдек, ёшлар маънавиятини юксалтириш улар орасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган  тадбирлар – “Заковат”, “Мунозара”,  адабиёт кечалари, шоир ва ёзувчилар билан турли учрашувлар ташкил этилади.

Китоблар ярмаркаси ва кўргазмалари ташкил этилиб, турли нашриётлар, ёзувчилар ва шоирлар иштирокида тақдимотлар ўтказилади. Бу эса ёшларнинг ўз имкониятлари ва ютуқларидан унумли фойдаланишларига имкон яратади.

–Мазкур тадбирларга 2024 йилда 5,2 миллион нафар ёшлар иштирок этди, – дейди Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўлими бошлиғи Дилфуза Азизова. – Бугунги кунга қадар олимпиада доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун жами 12 миллион 687 минг нафарга яқин ёшлар рўйхатдан ўтди. Ўтказилган танлов, мусобақа ва лойиҳаларда уларнинг 10,9 миллион нафари иштирок этди. 

Шунингдек, бугунги кунга қадар танловда ғолиб бўлган ёшлар “Шуҳрат” медали, “Келажак бунёдкори” медали, “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланиб келмоқда. 

«Бўзатов ёшлар овози» танлови ғолибларининг истеъдодини доимий равишда намойиш қилиб бориш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижод қилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида «Ёшлар овози» продюсерлик маркази ташкил этилди.

Маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари натижасида жорий йилда 401 минг 473 нафар ёшлар танловда иштирок этиш истагини билдирган.

Танловнинг республика босқичида ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган 162 нафар ёшлар ўзаро беллашди. Умумий мукофот жамғармасига аҳамият берадиган бўлсак, танловнинг республика босқичида 1-ўрин ғолибларига 50 миллион сўмдан, 2-ўрин ғолибларига 30 миллион сўмдан, 3-ўрин ғолибларига 20 миллион сўмдан, қолган 127 нафар иштирокчилар 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг “Китобхонлик”  йўналишида ҳам кўплаб ёшлар ғолиб бўлиб, муносиб тақдирланмоқда.

Хусусан, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда “Ёш китобхон” танлови ўтказиб келинмоқда.

Бугунги кунда  “Ёш китобхон” танлови 3 та ёш тоифасида, жумладан,10-14 ёш, 15-19 ҳамда 20-30 ёшлар ўртасида “маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика” босқичларида ўтказилмоқда. Танловда ёшлар 5 та шарт бўйича, “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Шеърият”, “Квест” шартлари бўйича беллашади.

Танловда иштирок этиш учун 10-14 ёшдагилар махсус шакллантирилган рўйхат асосида 40 номдаги, 15-19, 20-30 ёшдагилар 50 номдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, илмий-оммабоп асарларни ўқиши белгиланган. Танловда иштирокчилардан китобларда илгари сурилган Ватан, оила ва дўстларга бўлган садоқат ғоялари, комил инсон фазилатлари юзасидан мустақил фикр юритишига алоҳида эътибор қаратилади.

Таҳлилларга кўра, китоб дўконлари ва кутубхоналарда 
энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экани маълум бўлди. Бу, ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.

2017 йилдан буён 238 нафар ёш китобхонлар танловнинг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 17 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси, 3 нафари “Кобалт” автомашинаси совриндори бўлди. 

 Шу билан бирга, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Мен келажакман” шиори остида “Касблар танлови”ни ташкил қилиш орқали 5 та йўналишдаги “Новвойчилик”, “Ёш қурувчи”, “Пайвандлаш устаси”, “Электромонтаж устаси”, “Дизайнерлик” танловлари уч босқичда ўтказилади. 

Таъкидлаш жоизки, эндиликда «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг жорий йилги мавсумида биринчи маротаба маҳаллалардаги 30 ёшдан катта бўлган аҳоли ўртасида спортнинг мини футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси, воркаут, шахмат ва шашка турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ҳам ташкил этилади. 

Гулноза Бобоева,

ЎзА