Пойтахтимиздаги "Жар" спорт-соғломлаштириш мажмуасида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маҳалла ёшлари ўртасида гимнастраданинг финал босқичи ўтказилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, спорт вазири Адҳам Икрамов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари Гўзал Мўминова ҳамда халқаро экспертлар қатнашди. Мамлакатимизда тизимли тарзда ташкил этиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” иқтидорли ёшларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жамоалари таркибидаги 150 нафардан ортиқ қизлар ғолиблик учун кураш олиб борди.
"Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маҳалла ёшлари ўртасида гимнастраданинг финали сарҳисобига кўра, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти жамоалари совриндорликка эришган вазиятда Самарқанд вилояти жамоаси шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА