Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан қамраб олиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт ўйинлари орқали маҳаллаларда спорт инфратузилмаси яхшиланди. Ўнлаб спорт турлари бўйича иқтидорли ёш талантларни саралаш, уларни тегишли спорт турларига йўналтириш борасидаги ишлар йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йил давомида оммавий спортга жалб қилинган аҳоли сонини 15 миллион нафарга етказиш вазифаси белгиланганди.

Хўш, ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда қандай ишлар амалга оширилди? “Беш ташаббус олимпиадаси” тизимидаги мусобақалар орқали қанча киши спорт машғулотлари билан қамраб олинди?
Спорт вазирлиги маълумотларига кўра, маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилаётган спорт мусобақаларида иштирок этиш истагида бўлган 7,3 миллионга яқин маҳалла ёшлари электрон рўйхатдан ўтиб, ташкил этилган мусобақаларда 6,5 миллион спортсевар ёшлар совринли ўринларга даъвогарлик қилди. “Беш ташаббус олимпиадаси”да қатнашиш истагини билдирганларнинг аксарияти шашка, шахмат, гандбол, енгил атлетика, волейбол, кураш, футбол, стол тенниси, армрестлинг, стритбол, гиминастрада, воркоут, гимнастика мусобақаларида иштирок этди.

Бундан ташқари, маҳалла ёшлари ўртасида ташкил этилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаларида 9 452 маҳалланинг 231 минг 793 нафар ёшлари жалб этилди.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Спорт вазирлиги, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида 30 ёшдан юқори бўлган аҳоли ўртасида спортнинг еттита тури бўйича ташкил этилган уч босқичли “Маҳалла лигаси” мусобақалари орқали 2 миллиондан ортиқ киши оммавий спорт мусобақаларига қамраб олиниб, уларнинг саломатлиги мустаҳкамланишига эришилди.

Куни кеча Жиззахда “Беш ташаббус олимпиадаси” тизимидаги стритбол бўйича ўтказилган республика мусобақасида юртимизнинг турли ҳудудларидан юзлаб маҳалла ёшлари иштирокидаги баҳслар натижасида турли ёш тоифаларида Навоий, Жиззах, Хоразм, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри жамоалари ғолиб ва совриндорликни қўлга киритиши ортидан жорий йил давомида ушбу ҳудудлардаги маҳаллаларга спорт майдончалари қуриб бериладиган бўлди.

Бу, ўша ҳудудларда одамлар орасида спорт билан шуғулланиш одат тусига киришига, аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортга қизиқиш юксалишига олиб келади. Айни ишлар мамлакатимизда “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айланишини таъминлаши билан аҳамиятлидир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА