Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданият, санъат, спорт, китобхонлик, IT йўналишлари бўйича ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил апрель-июнь ойларида илк маротаба «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг биринчи мавсуми ўтказилганди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, илк мавсумда ўтган 14 та танлов ва мусобақаларда 6,2 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этиб, 540 нафардан зиёди ғолиб бўлди.
Иккинчи мавсумда ёшлар маданият, санъат, спорт, китобхонлик, ахборот технологиялари йўналишларининг 15 дан ортиқ йўналишларида иштирок этади.

Аризалар жорий йил 10 августдан 9 сентябрга қадар қабул қилинади. 10 сентябрдан эса баҳслар бошланади.
Ёшларнинг бевосита таклифи асосида «кичик олимпиада»нинг иккинчи мавсумига миллий кураш, шунингдек, ёшлар рақси, чолғу ижрочилиги танловлари киритилди.
Маҳалла ёшлари волейбол, енгил атлетика, стритбол, шахмат, шашка, стол тенниси, кураш, киберспорт ҳамда жамоавий ва якка стратегик ўйин турлари бўйича баҳсларда ўз омадини синаб кўради.
Матбуот анжуманида бугунгача 2 миллиондан зиёд ёшлар иккинчи мавсум мусобақаларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтгани маълум қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА