Наманган вилояти Чортоқ туманида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон ёшлар форуми” доирасида “Беш муҳим ташаббус маҳаллаларда” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.
Фестивалда Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта муҳим ташаббус йўналишларини ўзида қамраб олган бир қатор йирик лойиҳалар тақдимоти бўлди.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустахкамлаш йили” Давлат дастури ижросига қаратилган ушбу форум туман марказидаги “Мустақиллик” кўчаси бўйлаб юриш марафони билан бошланди. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги фармони асосида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга қаратилган марафон иштирокчилари саломатлик учун беш минг қадам ташлади.

"Ҳоким ва ёшлар" учрашувида Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отахўжаев ёшларнинг турли масалалардаги мурожаатларини тинглади. "Талабага мадад" лойиҳаси доирасида таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган 56 нафар талаба-ёшларнинг тўлов-контракт пулининг 50 фоизигача бўлган миқдори тўлаб берилгани ҳақидаги ҳамда “Ёшлар дафтари” га киритилган 15 нафар ўғил-қизга ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиёзли ўқиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатларни топширди.
Мини-футбол мусобақасида маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлардан шаклланган 10 та жамоа ғолиблик учун тўп сурди. 53-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган шахмат бўйича беллашувларда энг зукко ва билимдон акл-идрок соҳиблари сараланди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган волейбол, стол тенниси ва камондан ўқ узиш бўйича мусобақалар ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди. Айниқса, “Стреэт воркаут” (“Street workout”) мусобақаси жуда қизиқарли бўлди. Унда иштирокчилар бир бирини такрорламайдиган “трюк”лари орқали томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.
Туман маданият маркази залида хотин-қизлар учун миллий ва замонавий либослар уйғунлигида "Модалар намойиши" бўлиб ўтди. Унда кўзга кўринган дизайнер ва стилистлар иштирок этиб, ўз услубларида тайёрланган турфа либослар коллекциясини тақдим қилди. Форумга келган ҳар бир ёшнинг қалбига ватанпарварлик руҳини сингдириш, “Юрт қалқони” деган шарафли касбга бўлган меҳрини ошириш мақсадида ташкил этилган "Мен Ватан ҳимоячисиман" шиори остидаги турли ҳарбий чиқишлар ва техника, қурол-яроқлар кўргазмаси кўпчиликда катта таассурот уйғотди.
Қўли гул пазандалар иштирокида ўтказилган "Ош чемпионати" да масаллиқларга бор меҳрини қўшиб, ўзининг ошпазлик қобилиятини намоён этган ёшларга, улар дамлаган ошдан бир чўқим тотган борки, "Қўлингиз дард кўрмасин, жуда мазали палов бўлибди, – дея илиқ мақтовларни айтди.

Ёшлар билан янгича ишлаш тизими доирасида эртамиз эгаларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, ўғил-қизларда ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, улар ўртасида спорт ва соғлом турмуш-тарзини тарғиб этиш, мусиқа, тасвирий санъат, рақс каби санъат турлари бўйича истеъдод соҳибларини аниқлаш мақсадида ташкил этилган мазкур фестивал бир маҳалла мисолида намунавий тарзда ва юқори савияда ўтказилдики, унда Президентимизнинг Бешта муҳим ташаббуси ижроси бўйича кўзланган режаларга эришилди.

"Ўзбекистон ёшлар форуми" доирасидаги "Бешта муҳим ташаббус маҳаллаларда" шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивали тадбирлари якунларига кўра, спортнинг 6 тури бўйича мусобақалар, "Зукко китобхон", "Китобхон оила" танловлари, модалар намойиши, ош чемпионати каби ўнта йўналишда юқори натижа кўрсатган фаол ёшлар муносиб тақдирланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА