БЕШ ТАШАББУС: бухоролик ёшлар халқаро мусобақа ғолиби
Вобкент туманидаги 8-сон болалар мусиқа санъат мактаби ўқувчилари юксак марраларни кўзлаган.
Бухоро вилояти Вобкент туман 8-сон болалар мусиқа санъат мактаби ўқувчилари Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган “Le Grand bal de Paris” номли онлайн халқаро мусобақа ғолиби бўлди.
Фортепиано йўналиши бўйича ўтказилган мусобақада Абдуллина Залина, Мерт Ахметов, Дилдора Алиева, Шаҳзода Ортиқова биринчи, Арина Баҳранова ва Амалия Шарифбоева иккинчи ўринни қўлга киритди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси –ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Бухоро вилоятида ҳам бу муҳим ташаббуслар доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса ёшларда мусиқа ва санъатга қизиқиш юқори.
Вобкент туманидаги 8-сон болалар мусиқа санъат мактаби ўқувчилари юксак марраларни кўзлаган. Мактаб ўқувчилари 2015 йилдан буён нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб ўринларни эгаллаб келади. Жумладан, 2019 йил Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган “Великая Россия” халқаро танловида учинчи ўрини қўлга киритган эди.
– Ўқувчиларимизда санъатга қизиқиш юқори, – деди Вобкент туман 8-сон болалар мусиқа санъат мактаби ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Зебо Одилова. – Айни вақтда карантин бўлсада улар вақтини бесамар ўтказмаяпти. Ўз устида тинимсиз ишлаяпти. Биз уларнинг фаолиятини онлайн кузатиб боряпмиз. Янги ва мураккаб топшириқлар беряпмиз ва булар ўз самарасини бермоқда. Парижда ўтказилган онлайн мусобақада ғолибликни қўлга киритгани эса бизни янада ғурурлантирди.