Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беш ойда 16,6 миллиард сўмдан зиёд алимент пуллари ундирилди
11:03 / 2022-06-03

Юртимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда. 

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ходимлари томонидан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида алимент ундируви билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси “маҳаллабай” ўрганилмоқда. Натижада жорий йил 5 ойида узоқ муддатдан буён қарздорликларни тўламаётган 264 нафар шахснинг 185 нафари топилиб, ҳозирча 51 нафаридан 208 миллион сўм алимент пуллари ундирилди.

– Ўтган давр мобайнида вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган 170 нафар шахснинг маъмурий, 18 нафарининг эса жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, – дейди бошқарма катта инспектори Шоҳрух Узоқов. – Алимент тўловчи ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, 316 нафарининг ишга жойлашишига кўмаклашилди. Кўрилган чоралар натижасида жами 16,6 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари вояга етмаган фарзандлар учун ундириб берилди. Профилактик тадбирлар давомида 6 та ҳолатда алимент пуллари уй-жой, автотранспорт ва пул шаклида қарздорлар томонидан олдиндан тўланиши таъминланди.Шунингдек, ажрашиш ёқасига келиб қолган 705 та оила яраштирилди. 

Бошқарма томонидан алимент ундирувини мониторинг қилиш ва ҳисобини юритиш мақсадида алимент олувчиларга банк томонидан очилган 9 минг 924 та пластик картанинг қарийб 8 мингга яқини тарқатилди. Айни пайтда алимент ундирувини кучайтириш мақсадида маҳаллаларда фаолият юритаётган 289 нафар ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда қарздорларни иш билан таъминлаш юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА