Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Ўймовут маҳалласида умргузаронлик қилаётган Облоқул бобо Эрназаровни таниганлар “Ҳарбийларнинг отаси” дея эъзозлашади.
Облоқул бобо 40 йил, турмуш ўртоғи Клара момо 30 йил таълим тизимида меҳнат қилиш баробарида беш ўғил ва уч қизни ватанпарвар, комил инсонлар этиб тарбиялашди. Шунинг учунми, ўғил фарзандлар улғайиб, бирин-кетин юрт мудофаасига отланишди. Бугун Облоқул бобонинг беш алп ўғлони Миллий гвардия тизимида юртимиз тинчлиги, осойишталигини сақлаш йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда.
[gallery-13814]
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббий куни муносабати билан Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, ИИВ, ДХХ, шунингдек, «Ватан» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирга таълим-тарбия соҳаси фахрийлари бўлган Облоқул Эрназаров ва Клара Эрназарова таклиф этилди. Тадбирда «Ватан» хайрия жамоат фонди бўлим бошлиғи Ботир Содиқов фахрий устозларга фонднинг эсдалик кўкрак нишонларини топширди.
Шунингдек, тадбирда 25 йилдан буён она Ватан ҳимоясига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Умиджон Каримов ҳам “Ватан” фондининг эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА