Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беш кунлик санъат байрами ниҳоясига етди
19:46 / 2019-11-15

Тасаввурларга ойдинлик инди, тафаккур янада жонланди. Бу оламнинг шайдолари кўпайди, мафтунлари ортди. Чунки уни севмай илож йўқ, унинг гўзалликларидан ҳайратланмаслик ҳам мумкин эмас.


Тасаввурларга ойдинлик инди, тафаккур янада жонланди. Бу оламнинг шайдолари кўпайди, мафтунлари ортди. Чунки уни севмай илож йўқ, унинг гўзалликларидан ҳайратланмаслик ҳам мумкин эмас.

“ИНСОН. МУҲИТ. САНЪАТ“ деб номланган II Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси санъатнинг ана шу қудратини яққол намоён этди. Беш кун давомида санъат ихлосмандлари ижод ва илҳомнинг чек-чегарасиз имкониятларига яна бир бор ишонди, унга муҳаббати кучайди.

Замонавий ҳамда унутилиб борилаётган амалий санъат асарлари ўзбекистонлик ва дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган санъат усталарини диллаштирди, бир-бирига яқиндан танитди.

Биеннале дастуридан ўрин олган тадбирлар амалий санъатнинг биз билган ва билмаган жиҳатларини мутлақо янги шакл, янги мазмунда тақдим этди. Жумладан, санъатсеварлар учун ипак гиламлар, ўзбек миллий кулолчилиги, қадимги қоғоз турлари, хаттотлик ва миниатюра асарлари намуналаридан иборат кўргазмалар ўтказилди. Япон миллий санъати ва замонавий ўзбек безак санъати, моҳир заргар усталар, талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмалари ҳам ёрқин воқеликлардан бўлди. Англия, Германия ва Кореядан ташриф буюрган ижодкорлар рассомчилик, ўзбек усталари эса каштачилик, ипак қоғоз тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтди. Уларнинг ҳар бирида энг аввало, бадиийлик ижодий янгилик устуворликка эга бўлди.

photo5366132633999879101.jpg

“Санъатда глобализм ва миллий ўзига хослик”, “Архитектура-қурилиш соҳалари ҳамда бадиий таълимда инновациянинг ўрни” мавзусида ташкил этилган илмий-амалий конференциялар эса иштирокчилар учун ҳам сабоқ ва маҳорат, ҳам мулоқот майдонига айланди.

Ана шундай унутилмас, ёрқин лаҳзаларни тақдим этган санъат байрами ниҳоясига етди. Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Марказий кўргазмалар залида унинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

– Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси миллий амалий санъатимизни намойиш қилишдан кўра, халқаро тажрибани ўрганишимиз билан ҳам муҳим бўлди, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов. –Дунёда амалий санъат соҳасида қанақа янгилик, қандай ўзгаришлар бўлаяпти? Биеннале шулар бўйича фикр алмашишга, яқин мулоқот ўрнатишга ёрдам берди. Бир сўз билан айтганда, ушбу санъат тадбири ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришларга катта туртки бўлади, деб ўйлайман.

Тақдирлаш маросимида дастлаб “Ўзбекистонда анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун”, “Муваффақиятли ижодий дебют учун”, “Тарихий либоснинг бадиий ечимидаги ўзига хослиги учун”, “Миллий ўзига хосликнинг бадиий ечими учун”, “Нафис заргарлик санъатида анъаналарни сақлаш учун”, “Интернет дизайни соҳасидаги креативлик учун” номинациялари бўйича фаол иштирокчилар қимматбаҳо совға ва диплом билан тақдирланди.

photo5366132633999879104.jpg

– Биенналеда “Осиё ва Европа маликаси” номли миллий либослар тўплами билан иштирок этдим, – деди италиялик рассом, стилист Аида Абдуллаева. – Уни яратишда Италия ва Ўзбекистоннинг миллийлигига хос матолардан фойдаланилган. Тўпламдан ўрин олган либослар ўзбек ва Европа аёллари учун мўлжалланган. Тўплам ўзбек халқи қалби каби ёрқин. Кўргазмалардан ўрин олган амалий санъат намуналарининг бирини иккинчисидан устун қўйиб бўлмайди. Чунки уларнинг ҳар бирида дунё халқларининг ўзига хос маданияти акс этган. Ижодий асарлардан фақат илҳомланиш, завқланиш мумкин.

Биеннале иштирокчиларининг ижодий ишларини саралаш ва холисона баҳолашдай масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган ҳакамлар ҳайъати аъзолари – Ўзбекистон бадиий академияси академиги Акмал Ҳакимов, Қозоғистон Республикаси педагогика фанлари доктори, академик Садибек Байсенбаев, Япониянинг машҳур бадиий эмаль устаси Ёшико Саитога ҳам диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

II Тошкент халқаро амалий санъат биенналесида учта фахрли ўрин ғолиби аниқланди. Унга кўра, 3-ўринга Абдувоҳид Каримов (Ўзбекистон), 2-ўринга Инна Костина (Озарбайжон) муносиб топилди. Мунира Акилова (Тожикистон) эса 1-ўрин совриндори бўлди.

Биенналенинг бош мукофоти – Гран-прини Ўзбекистон ва Жанубий Корея санъат йўналишидаги малака алмашинуви лойиҳаси – Кванъян шаҳри анъанавий ўқ-ёй лабораторияси қўлга киритди.

– Биенналеда ўзбекистонлик талабаларга маҳорат дарси ўтганимиз энг эсда қоларли воқеа бўлди, – деди Жанубий Кореядан келган уста-ҳунарманд Ким Чол-Хо. – Бу учрашувда ўзбекистонлик ёшлар Кванъян шаҳри анъанавий ўқ-ёйларига, Кореянинг кулолчилик санъатига катта қизиқиш билдиргани жуда хурсанд қилди. Гран-прига сазовор бўлганимиз эса янада кўпроқ қувонч ва ҳаяжонга солди. Бу бизни илҳомлантириши шубҳасиз. Келажакда санъат соҳасида Ўзбекистон билан дўстлик, ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш ниятидамиз.