Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида буюк мутафаккир ва қомусий олим “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августдаги “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Абу Райҳон Беруний ҳаёти, фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказиш вазифалари белгиланган.
Бу буюк тарихимизни, илмий меросимизни жаҳонга намойиш этиш учун ташланган яна бир қадамдир. Қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросини оммалаштириш, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш нафақат тарихий билимларни мустаҳкамлашга, балки ёш авлодга ҳаққоний ўтмишимизни англатиш, жаҳон майдонида Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада яхшилаш жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.
[gallery-13675]
Жорий йилнинг 25-28 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Тошкент шаҳрида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказиш режалаштирилди.
Мазкур анжуманда 15 та давлатдан 20 нафар хорижий меҳмон, таниқли олим ва зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, санъат ва маданият вакиллари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларидан иборат 200 нафар республикамизнинг барча ҳудудларидан мутахассис олимлар, журналист ва блогерлар иштирок этиши кўзда тутилган.
Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва илмий-маърифий фаолияти ҳамда унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, шунингдек, таълим ташкилотлари ва меҳнат жамоаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилди. Шу билан бирга, Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий мероси, унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида “Маънавий баркамол авлод – барқарор жамият бунёдкори” мавзусида ўқувчи-ёшлар билан давра суҳбатлари ўтказилади.
Абу Райҳон Берунийнинг “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб” номли китоби тайёрланмоқда. Ушбу китоб бизгача ягона қўлёзмада етиб келган “Табобатда доришунослик” номли араб тилидаги сўнгги асарининг ўзбек тилига тўлиқ илмий изоҳли таржимасидир. Бу асар ўрта асрлар доришунослик тарихига оид қимматли манба бўлиб, унда мингдан ортиқ дорининг тавсифи ҳамда турли тил ва лаҳжалардаги номланиши берилган. Китобда Берунийнинг доришунослик, география, ботаника, зоология ва филологияга қўшган ҳиссаси аниқ баён этиб берилган.
Шу билан бирга, “Абу Райҳон Берунийнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари” номли рисола тайёрланди. Мазкур рисолада Берунийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳамда ижтимоий-сиёсий қарашлари талқин этилган.
Берунийнинг илмий мероси математика, астрономия, жуғрофия, минерология, тарих, этнография, филология ва фалсафага доир 150 та асарни ўз ичига олади. Беруний араб, форс, юнон ва санскрит тилларини билган ва бир тилдан бошқасига таржима қилишнинг табиий-илмий терминологиялари қоидаларини ишлаб чиққан.
Буюк бобокалонимизнинг хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, миллатсеварлик туйғуларини ва илмга бўлган рағбатни янада ошириш муҳимдир. Президентимиз томонидан қабул қилинган юқоридаги қарор Абу Райҳон Берунийнинг илм йўлида эришган натижаларини чуқурроқ ўрганиш, кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилишига замин яратади.
Матбуот анжуманида Абу Райҳон Берунийнинг бебаҳо илмий-маърифий мероси, унинг 1050 йиллик таваллуд санаси билан боғлиқ кенг кўламли маърифий тадбирлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Медиа соҳаси вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА