Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Берта Давидованинг ёрқин хотирасини ёд этиб...
14:17 / 2022-11-07

Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидова юбилейининг 100 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбек миллий мақом санъати маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Берта Давидовани кўпчилик мақом ижрочилари ўзига устоз деб билади. Унинг бетакрор овози ҳануз миллий мусиқа ихлосмандлари томонидан катта иштиёқ билан тингланади. Ёш ижрочилар эса унинг маҳорат мактабида билим олади. 

 Берта Зауровна Марғилонда, бухоролик яҳудийлар оиласида дунёга келган. Тошкент тиббиёт билим юртини тамомлагач, 3-сонли туғруқхона ва ҳарбий госпиталда ҳамшира бўлиб ишлаган. 1943 йилдан Ўзбекистон ССР Давлат радиоқўмитаси хор ансамбли  яккахони, 1960 йилдан эса Ўзбекистон Давлат радио мақомчилар ансамблининг етакчи яккахони сифатида фаолият юритган.  Мусиқачиларнинг фикрича, Берта Давидованинг сўнги қирқ йилдан зиёд вақт давомидаги меҳнат фаолияти ва ижодий йўли айнан шу жамоа билан чамбарчас боғлиқ бўлган.    

У ўзининг юксак ижро маҳорати билан тингловчилар орасида шуҳрат қозониб, мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари қаторидан  муносиб ўрин эгаллаган.    

Кўпчилик шогирдларининг хотирлашича, миллий қадриятимизнинг бебаҳо қўшиқлари бўлмиш “Шошмақом”, шунингдек, “Муножот”, “Фиғон”, “Сарахбори оромижон”, “Самарқанд ушшоғи”, “Дугоҳ”, “Баёт-1” каби мумтоз қўшиқлар унинг ижросида халқимизнинг нодир мусиқа хазинасига айланган.  

Берта Давидова бутун умри давомида нафақат юқори профессионал ижрочи, балки миллий санъатнинг фидойи тарғиботчиси ҳам бўлган.  Йирик маданий оммавий тадбирлар ва концертларда қатнашиш билан бир қаторда, у чекка шаҳар ва қишлоқларда, меҳнат жамоаларида тез-тез чиқиш қилиб, халқ меҳри ва ҳурматига сазовор бўлган. Шогирдлари таъкидлаганидек, устоз Берта опа ўнлаб ёш истеъдод соҳибалари билан касб маҳорати сирларини ўртоқлашган, узоқ йиллар давомида республика радиоси ҳузуридаги мақомчилар ансамбли ва Тошкент давлат консерваториясининг анъанавий ижро маҳорати кафедрасида самарали меҳнат қилган.    

Тадбирда Берта Давидованинг ижоди, ҳаёт йўли, шунингдек, мусиқий мероси ҳақида сўз юритилди. У яшаган уйда хотира лавҳаси ўрнатилди.      

Н.Усмонова, ЎзА  

УБ.