Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Берлинда туризм соҳасида кенг қамровли музокаралар ўтказилди
12:11 / 2026-03-05

Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтаётган “ITB Berlin 2026” халқаро туризм кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ҳамда БМТ Туризм ташкилоти Бош котиби Шайха Носир Ал Нувайс ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда барқарор туризмни ривожлантириш, хусусий сектор ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, БМТ агентликлари билан ўзаро ишлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш (capacity building) ҳамда миллий туризм стратегияларини амалга оширишда институционал ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида БМТ Туризм Бош котиби мамлакатимизда қабул қилинган  “2027 йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”ни юқори даражада ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 2 февраль куни БМТ Туризм томонидан “Йўл харитаси” эълон қилинганини қайд этди. Шунингдек, ушбу йил доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, барқарор ва яшовчан туризмни ривожлантириш ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратишда муҳим омил ҳисобланади.  

Шу билан бирга, томонлар жорий йил якунида  “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”ни очилиш маросимларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича тегишли тадбирларни ташкил этишга келишиб олди.

Учрашув якунида Туризм қўмитаси раиси БМТ Туризм Бош котибини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди. Шунингдек, томонлар туризм соҳасининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи ташаббусларни илгари суриш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида биргаликда ишлашга келишди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА