Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг фуқаролик жамияти ёш вакиллари ўртасида ҳамкорлик, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кенгаймоқда.
Германиянинг “Ғарб-Шарқ учрашуви” жамғармаси ташаббуси билан Берлин шаҳрида “Келажак алмашинуви – ёшлар ва мулоқот” форуми бўлиб ўтди. Халқаро форумда мамлакатимизнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакили иштирок этди.
Тадбир доирасида ёшлар ҳамкорлигини фаоллаштириш, халқаро медиа лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ёшлар интеграцияси жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мавзуларида муҳокамалар ташкил этилди.
Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси Фотиҳжон Қодиров қатнашган “Шарқ–Ғарб” форматидаги экспертлар муҳокамасида давлатлар ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда ёшлар ўртасида доимий халқаро мулоқотни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида ёшлар билан ишлашга оид янги лойиҳалар, воситалар ва замонавий ёндашувлар тақдим этилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Форум ёшлар масалалари бўйича билим ва тажриба алмашиш, ҳамкорликнинг келгуси ривожланиш истиқболларини белгилаш учун самарали платформага айланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА