Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беқарор халқаро вазиятда журналистларнинг тинчлик ташаббуси
10:32 / 2024-03-02

Қароргоҳи Сеул шаҳрида жойлашган БМТ ECOSOC тузилмаси ҳузуридаги “Юксак маданият, бутун дунёда тинчлик ва зиё тарқатиш” (HWPL) халқаро ташкилоти ўтказган тинчлик журналистикаси бўйича онлайн тадбирда 49 мамлакат оммавий ахборт воситаларидан 160 вакил иштирок этди.

– “Можароларни тўхтатишга медиа нигоҳ тинчлик журналистикаси ғоясини ўзаро баҳам кўришга йўналтирилган мазкур анжуман халқаро медиа тармоғининг жамоавий овозини аниқлаш ва келгуси ҳаракат учун режа таклиф этишни назарда тутади, – дейди тузилманинг МДҲ бўйича матбуот хизмати раҳбари Мария Захарченко ЎзА мухбирига. – Мақсадимиз дунё аҳлини тинчликка чақириш.

Тадбир иштирокчилари тинчликни мустаҳкамлашда медианинг аҳамияти, тинчлик ва тинчлик журналистикаси ҳамда глобал хавфсизликка эришиш каби мавзуларда маъруза қилишди.

Видеоконференция орқали сўзга чиққанлар тинчлик журналистикаси можаро ва келишмовчиликларнинг нозик чизиқларидан ўтиб, аниқлик маёғи ва ҳамдардлик воситасига, мазмунли ўзгариш учун катализаторга айланишини таъкидладилар. Жумладан, тинчлик журналистикаси очиқ мулоқот канали сифатида ривожланиб, турли нуқтаи назарлар учун платформа тақдим этмоқда, можаронинг кўп қиррали табиатини тавсифлаш, муаммони ҳал қилиш билан боғлиқ чуқур ҳамкорликни ривожлантириш таклифини илгари сурмоқда.

Масалан, “Jambidaily.com” нашри бош муҳарири Хендри Нурсал тинчлик журналистикасида ахлоқ кодекси муҳимлигига урғу бераркан, журналистлар тадбирларда қатнашиши кераклиги, ОАВ ишончли ахборот манбаи бўлиб қолишга интилиши ва ахлоқ кодекси каби қоидаларга мувофиқ, маълумотни профессионал тарзда тақдим этиши зарурлиги хусусида тўхталди. Мутахассис фикрича, бу журналистнинг касбий фаолияти, хусусан ахборотни излаш ва тақдим этишдаги масъулиятини кафолатлайди.

Росси – Украина зиддияти глобал хавфсизликка таҳдид солаётгани маълум. Украиналик ҳуқуқшунос журналист Игорь Шевирёв ўз чиқишида барчанинг эътиборини тинчлик журналистикасининг можароларга барҳам беришдаги ўрнига қаратди.

– Таъкидлаш жоиз, глобал хавфсизликни мустаҳкамлашда давлат таъсирли восита ҳисобланади, – деди у. – Шу билан бирга айни йўналишда ҳаракат қилиш фуқаролик жамияти ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам вазифаси бўлмоғи керакТинчлик журналистикаси томонлар ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради.

Hamarpahura.com сайти асосчиси ва муҳаррири Лок Баҳодур Чоудхари тинчлик ўрнатишга нисбатан амалий ёндашувни таклиф қилиб, жумладан, шундай деди:

Биз нафақат хабардорликни яратамиз, балки одамларни тинчликка интилишда фаол иштирок этиш, тинч дунёни яратишни тезлаштиришга илҳомлантирамиз. Тинчликни сақлаш бўйича глобал тадбирлар ҳақида мунтазам ҳисобот ҳар ой ҳар бир давлатда тайёрланиши керак.

Онлайн тадбирда ижтимоий тармоқ хусусида ҳам гап борди. Ижтимоий тармоқ турли маданият ва қатламга мансуб одамларга бир-бири билан бевосита мулоқот қилиш имконини яратади. Ушбу рақамли платформада ҳамкорлик воситасидан самарали фойдаланилса, тинчликка, бир-бирини тушунишга эришиш учун бирга ишлайдиган глобал ҳамжамиятни яратиш осон кечади.

Тадбир иштирокчилари тинчлик журналистикаси ўз мазмуни ва тамойилига кўра, можарони имкон даражасида музлатиш, мулоқотни ривожлантириш ва жамиятда тинчлик ўрнатишга ёрдам беришдан иборат журналистик амалиёт эканини эътироф этишди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир ташаббускори HWPL ташкилоти бутун дунё бўйлаб нафақат журналистика, балки тинчлик таълими, динлараро мулоқот, ёшлар ва аёллар фаолияти, тинчлик учун халқаро ҳуқуқни ўрнатиш каби муҳим йўналишларда илғор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Тинчлик журналистикасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган навбатдаги онлайн тадбир эса тузилманинг барча оммавий ахборот воситаларини барқарор тинчлик йўлида бирлашган глобал жамият яратишда фаол иштирок этишга яна бир чақириғидир.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА