Маълумотларга кўра, сўнгги 3 йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун бюджетдан 111,9 миллиард сўм сарфланган.
Кўплаб хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилганда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш нафақат жиноят ишлари, балки маъмурий ва фуқаролик ишларида ҳам жорий қилинган.
Эндиликда мамлакатимизда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишлар ҳам киритилмоқда. Бу орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси кенгаяди.
Ушбу тартиблар акс этган «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси юзасидан адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов маъруза қилди:
— 5 та боб, 34 та моддадан иборат қонун лойиҳаси билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари белгиланмоқда. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби жорий этилмоқда. Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун масъул давлат органи сифатида белгиланиб, ушбу вазифа унинг тизимидаги юридик хизмат кўрсатиш марказларига юклатиляпти. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш борасида ажратилаётган давлат бюджети маблағларининг самарали фойдаланишига хизмат қилади, — деди вазир ўринбосари.
Белгиланаётган нормаларга кўра, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро бирор масалада давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилса, электрон тарзда инсон омилисиз адвокат танлаб берилади. Аммо малакасиз, тажрибасизроқ адвокат бўлса, оддий бир вазиятда ҳам фуқаронинг фойдасига масалани ҳал қилиб беролмаслиги мумкин. Шу маънода давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ким баҳолайди, давлатнинг пули ҳисобидан адвокат хизмат кўрсатса, унинг хизматидан фуқаро рози бўлмаса, қаерга мурожаат қилиши мумкин, каби қатор долзарб саволлар берилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Шунингдек, йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатга асосан киритилаётган ўзгартишда мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун билан тартибга солинаётганини инобатга олиб, Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар «қонун» деган сўз билан алмаштирилмоқда.
Мажлисда депутатлар муҳокама этилган қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди ва иккинчи ўқишда қабул қилдилар.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ушбу ҳужжат озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларнинг колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш ҳамда маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
[gallery-8120]
Қонун лойиҳаси билан манзил-колонияларда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, Солиқ кодекси ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда. Шу билан бирга, маҳкумларга рағбатлантириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини кўриш учун асос бўладиган маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганлигини баҳоловчи аниқ мезонлар белгиланяпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА