Мамлакатимизда аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактик тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар ўз натижасини бермоқда.
Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида ташкил этилган навбатдаги бепул тиббий кўрик ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий марказининг малакали шифокорлари томонидан туман тиббиёт бирлашмасида аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий текширувлар ўтказилмоқда.
Кўрик жараёнида фуқароларнинг саломатлиги атрофлича ўрганилиб, аниқланган касалликлар бўйича зарур тавсиялар берилмоқда. Шунингдек, даволаниш ва профилактика чоралари юзасидан мутахассислар томонидан аниқ ва асосли маслаҳатлар тақдим этилмоқда. Бу эса хасталикларни барвақт аниқлаш, уларнинг асоратларини олдини олиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорларида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кучайтириш, аҳолини профилактик кўриклар билан кенг қамраб олиш устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, 2018 йил 7 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда кейинги йилларда қабул қилинган ҳужжатлар тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида соҳани молиялаштиришни такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини ҳудудларга яқинлаштириш ва аҳолига қулай тиббий хизмат кўрсатиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Янгиободдаги бепул тиббий кўрик ана шу вазифалар ижросининг яққол намунасидир.
Энг муҳими, бундай тадбирлар инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг саломатлигига бўлган эътиборни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Зеро, соғлом жамият — барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
А.Қаюмов, ЎзА