Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бепул метро кунида Тошкент метроси бўйлаб саёҳат
20:31 / 2019-09-19

Бу йилдан Ўзбекистон “Европа ҳаракатланиш ҳафталиги” глобал кампанияси иштирокчисига айланди. Шу муносабат билан Тошкентда 19 сентябрь куни “Бепул метро куни” тадбири ўтказилди.


Бу йилдан Ўзбекистон “Европа ҳаракатланиш ҳафталиги” глобал кампанияси иштирокчисига айланди. Шу муносабат билан Тошкентда 19 сентябрь куни “Бепул метро куни” тадбири ўтказилди.

Шу куни метрода юриш бепул бўлди. Ҳар бир бекат ва метро ер ости йўлларида мусиқачилар ва актёрларнинг чиқишлари Тошкент аҳолиси ва меҳмонларига кўтаринки кайфият бағишлади.

– Бугун "Бепул метро куни"да одамлар оқими ҳар кунгидан кўпайган, – деди Тошкент шаҳар хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектори, катта лейтенант Бахтигул Нуруллаева. – “Ойбек” бекатидан “Мингўрик” бекатига ўтиш жойида йўловчилар театрлаштирилган мусиқий чиқишларни томоша қилди. “Амир Темур” бекатидан “Юнус Ражабий” бекатига ўтиш йўлида расмлар галереяси кўргазмаси ташкил этилди. “Пахтакор” ва “Алишер Навоий” бекатларига ўтиш вестибюлида эса йўловчиларни Тошкент метрополитени тарихига бағишланган тарихий фотокўргазма кутиб олди. Бундан ташқари ноодатий флэшмоблар ташкил этилиб, барча линиялардаги метро вагонларида рақс жамоалари вагондан-вагонга ўтиб юришди.

Тошкент метросининг умумий узунлиги 37 километрдан кўпроқ, 29 станцияли ер ости тизими гўзаллиги ноёб ва уникалдир. Метродан кунига ўртача 200 минг киши фойдаланмоқда. Бошқа пойтахт шаҳарларга нисбатан таққослаганда эса Тошкент метросида йўловчи оқими жуда паст ҳисобланади. Мазкур "Бепул метро куни" лойиҳаси эса аҳоли ўртасида ерости транспортидан фойдаланишни янада оммалаштиришга хизмат қилади. Ана шу мақсадда ташкил этилган мазкур лойиҳа аҳолига ҳам манзур бўлди. Кўпчилик оилалар фарзандлари билан метрода саёҳат қилди. Кўнгилочар дастурлардан баҳраманд бўлди. Пойтахт аҳолиси орасида шу куни ўз машиналарини уйида қолдириб, ишхонасига метрода борган, метро хизматининг тежамкорлиги ва тезлигини юқори баҳолаганлар ҳам бўлди.

– Бугунги акция иштирокчисига айланганимдан хурсанд бўлдим, – дейди Жамолиддин Хонназаров. – Эрталабдан метрога тушишинг билан кўтаринки кайфият, метро хизматчиларининг хушмуомаласи кун бўйи ижобий таъсир кўрсатаркан. Бехаражат ўз манзилингга етиб олиш бироз ноодатий ҳолат бўлгани учунми, унинг ҳам ўзгача гашти бўларкан.

Барчага бирдек манзур бўлган мазкур ўзига хос, ноанъанавий акция Тошкент аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Тошкент метрополитени” УК томонидан ташкил этилди.