Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга
12:29 / 2020-10-16

Эндиликда, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” шакллантирилади.

 Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 8 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтилган эди. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади.

Бунда адлия бўлимлари зиммасига аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш вазифаси юклатилди. Шунга асосан, адлия органларида “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ҳуқуқий тарғибот механизмини янги босқичга кўтариш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Навоий вилояти адлия бошқармасида бепул маслаҳат бериш ишларини мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этилди. Туманлар кесимида адлия органлари, жойлардаги “Мадад” нодавлат-нотижорат маслаҳат бюролари вакиллари ҳамда малакали ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилди.

Масъуллар томонидан вилоятда “темир дафтар”га киритилганлар, уларни бу рўйхатдан чиқариш бўйича олиб борилган ишлар таҳлил этилиб, хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ҳал этишнинг ҳуқуқий асосларига эътибор қаратилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, вилоят “темир дафтарига” киритилган 4 мингт 600 дан ортиқ фуқароларнинг 50 фоиздан зиёди мазкур рўйхатдан чиқарилган. Айни пайтда 2 минг 989 нафар фуқаронинг оилавий шароитини яхшилаш, ҳуқуқий муаммоларини бартараф этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

– Жорий йилда вилоят адлия бошқармаси тажрибаси сифатида “Адлия-маҳаллада” тамойили асосида чора-тадбирлар амалга оширилган эди, – дейди бошқарма масъул ходими Дилдора Каттаева. – Лойиҳа доирасида адлия органлари ходимлари томонидан фуқаролар мурожаатлари ўрганилганда, улар асосан уй-жой таъминоти, кредит олиш, бандлик, ижтимоий нафақалар, солиқ тўловлари, коммунал хизматлар, меҳнат миграцияси билан боғлиқ бир қатор масалаларда муаммога дуч келаётгани аниқланган. Шу асосда, мазкур масалаларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилган қонун хужжатлари бўйича тарқатма материаллар тайёрланиб, аҳолига етказиб берилмоқда.

Навоий вилоятидаги ишчи гуруҳ вакиллари ҳам айни пайтда уйма-уй юриб, фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Ечимталаб муаммолар эса алоҳида назоратга олинаётир. Айни пайтда, туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан ҳар ҳафтада бир маротаба 4 та секторда бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш соатларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар тасдиқлаб олинган.

“Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остидаги ана шундай тадбирлардан бири Хатирчи туманининг “Олтинсой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилди. Адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган учрашувда бошқарма бошлиғи Шерзод Баҳронов мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, уларнинг бандлигини таъминлаш, кредит олиш, уй-жой, солиқдаги имтиёзлар, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя сингари бир қатор масалалар бўйича қонун хужжатларида белгиланган тартиблар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– Бизнинг “Олтинсой” қишлоғимиз тумандаги олис ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бизда энг асосий муаммо ишсизлик билан боғлиқ. Аммо, кўпчилигимизда ер бор, айримларимиз боғ қилганмиз. Шу пайтгача, ўз еримизда ишлаб бандлигимизни таъминлашимиз мумкинлигини билмасдим. Бунинг учун ҳатто иш стажи ҳам ёзилар экан. Учрашув давомида шу ва бошқа йўналишда ҳам биз сингари аёлларга имтиёзлар борлигини билиб олдим, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Мақсуда Раҳимова.

Гавҳар Рўзиева 16 ёшга тўлган бўлса-да туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмасди. Унинг отаси Хатирчи туман адлия бўлимига гувоҳнома олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. – ФҲДЁ бўлимига кўп йиллардан буён мурожаат қилолмаганим сабабли фарзандимга гувоҳнома ололмаётган эдим. Адлия бўлимининг аралашуви билан эндиликда узоқ йиллик орзумиз амалга ошди, – дейди Худойберди Рўзиев.

Тадбирлар жараёнида бепул ҳуқуқий маслаҳат олишнинг турли шакллари, хусусан, “Ҳуқуқий ахборот” канали, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, онлайн мурожаат қилиш, адлия органлари тизимидаги телеграм бот каналлар ва “Ишонч телефонлари” ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилнинг шу даврига қадар Навоий вилояти адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия органларига биргина жисмоний шахслар томонидан 2500 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 1376 таси ёки 55 фоизидан ортиғи қаноатлантирилган, қолганларига эса қонун хужжатларига мувофиқ ҳуқуқий тушунтириш берилган.