Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
BEPS дастурига аъзо бўлиш стандартлари ўрганилади
09:23 / 2023-04-19

Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги марказининг Халқаро алоқалар ва ривожланиш бўйича раҳбари Бен Дикинсон ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Учрашувда солиқ базасини камайтириш ва даромадларни яширишга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси – BEPS (Base Erosion and Profit Shifting)нинг жаҳон майдонидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди.  

Унга кўра, BEPS дастурига дунёнинг 142 та мамлакати қўшилган. Ушбу дастурни ишлаб чиқиш бўйича қарор 2012 йил Г20 саммитида қабул қилинган. BEPS дастури 15 та мажбуриятдан иборат бўлиб, аъзо мамлакатларда солиқ базасини камайтириш ва даромадларни яширишга қарши курашишга кўмаклашувчи воситаларни жорий этишни кўзда тутади.  

Жаноб Бен Дикинсон таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.  

–Шу маънода биз юртингиздаги иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларга қўлдан келган барча техник ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз ва сафимизга яқин истиқболда Ўзбекистон ҳам қўшилади, деган умиддамиз,  – деди Бен Дикинсон.   

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг BEPS дастурига қўшилиши афзалликлари, халқаро солиққа тортишнинг ривожланиш тенденциялари, IHTT тузилмалари билан солиқ статистика маълумотларини мунтазам равишда алмашишни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.  

Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиев халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш масаласига урғу берди.  

–Биз фаолиятимиз давомида хуфиёна иқтисодиёт ва коррупция ҳолатларига қарши кескин курашиш, миллий ва трансчегаравий даражада юридик шахслар мулкларининг бенифициар шаффофлигини таъминлаш, рақамли платформалар орқали ишлайдиган халқаро компанияларни солиққа тортиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз. Бу борада халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрмиз, –деди вазир.  

Тадбир якунида вазир томонидан BEPS дастурига аъзо бўлиш стандартларини ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятининг солиқ маъмурчилигига оид энг илғор тажрибаларини таҳлил қилиш, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА