French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бепарволик – ёмон оқибатларнинг боши ёхуд Бухородаги “COVID-19”даги вазият ҳақида
13:59 / 2021-03-20

Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур САИДОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

– Шу йил 14 мартга қадар Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси билан ётган бирорта ҳам бемор йўқ эди. Бизда ўтган йили 8 бемор вафот этган, ҳозиргача 1 минг 378 нафар бемор соғайиб чиққан. Афсуски, 14 мартда яна битта COVID-19 бемори, 15 мартда 3 нафар , 16 мартда  2 нафар, 17 мартда 6 нафар, 18 мартда 5 нафар, 19 мартда ҳам 5 нафар бемор аниқланди. Айни пайтда ана шу 22 нафар беморнинг 2 нафари оғир аҳволда бўлгани учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг махсус бўлимига ётқизилган. Қолганлари енгил формадаги (қониқарли) беморлар бўлгани учун уй шароитида даволанмоқда. Уларга барча профилактик-даволаниш шароитлари яратиб берилган.

Шаҳар ва туманлар кесимида оладиган бўлсак, аниқланган беморларнинг 7 нафари Ромитан туманидан, 11 нафари Бухоро шаҳридан, 3 нафари Вобкент туманидан ва 1 нафари Бухоро туманидан.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳоли учун “хавотирланишга ўрин йўқ” деган гапни фақат тиббий муассасаларнинг ва шифокор кадрларнинг тайёргарлик даражасига нисбатан ишлатиш мумкин. Чунки вилоят бўйича ўтган йилги тажрибадан сўнг беморларни ётқизиш учун 4 минг 321 та захира ўрин тайёр ҳолда турибди. (Аввало, бунча сонда бемор бўлмасин, дея ният қиламиз). Ўринларнинг 2 минг 65 таси кислород нуқталари билан таъминланган. Бундан ташқари, COVID-19 касаллигини бошидан ўтказган фуқаролар учун тиббиёт муассасаларида 260 та реабилитация ўринлари мавжуд. Касалларни даволаш учун ишлатиладиган 49 турдаги жами 1 миллиард 133 миллион сўмлик дори воситалари захирада турибди.

Аҳолига эса “хавотирланишга ўрин йўқ” дея олмаймиз. Чунки, бепарволик, хотиржамлик инфекциянинг яна тарқалишига олиб келиши мумкин. Карантин юмшатилган, лекин бекор қилингани йўқ. Шунинг учун фуқаролардан ниқоб тақиб юриш, антисептик воситалардан фойдаланиш, жойларда одамлар орасида масофани сақлаш талаб этилади. Ўзини асраганни худо асрайди, деган ҳикматни унутмаслик керак. Шу ўринда, жамоатчилик вакилларидан ҳам, айниқса, маҳалла, мактаб, боғча ва бошқа муассасалар раҳбарларидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун ўз назоратлари остидаги жойларда эътиборни яна бир карра оширишларини сўрар эдик. Кириш жойларида дезинфекция, тана ҳароратини ўлчаб кўриш ишлари давом этиши керак. Бепарволик – ёмон оқибатларнинг боши. Аҳвол ёмонлашувидан сақланиш учун ҳушёрликни бой бермаслик лозим. Доим таъкидлаганимиздек, касалликни даволашдан кўра олдини олган афзалроқдир.

 

ЎзА мухбири Зариф Комилов

ёзиб олди