Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бепарволик келтириб чиқарадиган хатарлар
19:32 / 2026-01-23

Жиззах шаҳри ва Зомин туманидаги умумтаълим мактабларида вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармалари раҳбарлари иштирокида мактаб жамоаси, ота-оналар ва маҳалла еттилиги аъзолари билан вояга етмаганлар тарбияси, уларни назоратсиз ва қаровсиз қолдириш оқибатларига бағишланган муҳокама йиғилишлари ўтказилди. Унда болалар тарбияси масаласига жамият хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёндашилди.

Вояга етмаганлар тарбиясидаги сусткашлик ва болаларни назоратсиз қолдириш бугун фақат оилавий муаммо эмас, балки кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган жиддий ижтимоий масалага айланмоқда. Айрим ҳолларда бундай бепарволик ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка олиб келаётгани таҳлилий маълумотлар орқали ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

[gallery-27277]

Жиззах вилоятида ўтказилган таҳлиллар 2025 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ота-она назорати етишмаслиги, тарбиядаги бўшлиқ ҳамда салбий муҳит таъсири билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Ҳар бир ҳолат атрофлича ўрганилганда, муаммонинг илдизи кўп ҳолларда таълим муассасасидан эмас, балки оила ва маҳаллада шаклланаётгани аниқланмоқда.

Шу боис, таълим муассасалари, ота-оналар ва маҳалла фаолларининг ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Фарзанд тарбиясида масъулиятни фақат мактаб зиммасига юклаб қўйиш эмас, балки ота-оналикнинг ҳуқуқий ва маънавий жавобгарлигини чуқур англаш муҳим. Акс ҳолда, эътиборсиз қолган  бола эртага бутун жамият учун оғриқли муаммога айланиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аввало, профилактикадан — яъни тарбия, доимий назорат ва соғлом ижтимоий муҳит яратишдан бошланади. Бу эса давлат идоралари билан бир қаторда, ҳар бир оила ва маҳалланинг онгли ёндашувини талаб қилади.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари