English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беморларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда
16:34 / 2025-08-22

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси қайта таъмирдан сўнг замонавий қиёфада фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан Чирчиқ шаҳар ҳокими М.Абдураҳимов, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, Республика ихтисослаштирилган микробиология ва паразитология илмий тадқиқот институти олимлари, шифокорлар, ҳудуд фаоллари ва нуронийлар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб рамзий лента қирқилди, масъуллар мазкур тиббиёт муассасасининг аҳоли саломатлигини таъминлашдаги иш фаолиятига ривож тилади. Иштирокчилар Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида аҳолига янада қулайлик яратишга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар қамрови ортаётгани ҳақида сўз юритди. 

Қайд этилганидек, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси илгари 1950 йилдан Чирчиқ шаҳри юқумли касалликлар бўлими сифатида фойдаланишга топширилган. Ўтган йиллар давомида муассаса вилоят аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган нуфузли шифохоналардан бири сифатида шаклланди. 

Шифохона 2010 йилда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ажратилган 642 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланган эди. Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бу шифохона инвестиция дастурига киритилди. Шу асосида 5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган капитал таъмир ва реконструкция ишлари олиб борилди.

Ҳозир асосий бино ичида марказий стерилизация, статистика бўлими, архив, таҳлилхона, маънавият ва маърифат хоналари ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида беморларга қулайлик яратиш учун бинонинг асосий кириш қисмига пандуслар ўрнатилди. Ҳар бир бўлимдаги ётоқ хоналарига узлуксиз совуқ ва иссиқ сув етказиб берилди ва ювиниш учун янада қулайлик яратилди. Айниқса, имконияти чекланган беморлар ва кекса ёшдагилар учун алоҳида санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитлар ташкил этилди.

[gallery-24909]

– Энди бу шифохонада нафақат тиббий хизмат самарадорлиги оширилган, балки беморларнинг ўзини эркин ҳис қилишига ҳам хизмат қилмоқда, – дейди Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари ўринбосари Гулшода Мусаева. – Илгари кўплаб ташхислар учун беморлар пойтахтга боришга мажбур бўларди. Ҳозир эса бу имкониятлар тўғридан-тўғри вилоятда мавжуд. Шифохона 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча туман ва шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатади. Олий тоифали шифокорлар, жумладан, кардиолог, гинеколог, реаниматолог, УТТ ва рентгенолог, невропатолог каби мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.

Тадбир иштирокчилари бинода яратилган шароитлар билан танишди, шифокорлар ва беморлар билан суҳбат қилинди. 

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.