Шифохонада дардига малҳам истаб даволанаётган бемор энг аввало, яқин инсонларини кўришни истайди, уларни кутади. Чунки хаста инсон, дори-дармондан кўра ширин сўз ва таскин-тасаллидан дардига кўпроқ малҳам олади.
Беморнинг ҳолидан хабар олиш – эзгу иш. Бу нафақат хаста инсон, балки хабар олгувчининг қалбига ҳам ёруғлик бахш этади.
Жорий йилнинг 14 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда беморлар учун яратилган шароитлар билан танишиш асносида, ана шундай дард билан оғриган беморлар билан мулоқотда бўлди. Ушбу ташриф давомида юртбошимиз соҳа ходимлари ва барча мутасадди раҳбарларга муҳим топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар ва соғлиқни сақлаш тизим раҳбарлари ҳам ҳудуддаги ва вилоят марказидаги шифохоналарда бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олди, улар билан мулоқотда бўлиб, совға-саломлар улашди.
Жумладан, Янгиер шаҳар ҳокими Илёр Хўжаев шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиб, у ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, беморлар ва шифокорлар билан суҳбатлашиб, дори-дармонлар ва бошқа тиббий жиҳозларнинг захира қилинганлиги ва сақланиш ҳолатини кўздан кечирди.
Гулистон тумани ҳокими Шавкат Гафуров, Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров ҳам туман сектор раҳбарлари билан биргаликда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят филиалидаги гулистонлик беморлар ҳолидан хабар олди.
Мирзаобод тумани ҳокими Жонибек Яриев ва ушбу туман секторлари раҳбарлари эса ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда бемори бор оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам берди.
Хайрли ишлар давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА