Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бемор эмас, шифокорлар борди
08:28 / 2022-04-12

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бунда энг аввало, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада белгиланган йўл харитасида ҳам марказлардан олисда яшовчи аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатиб, тиббий маданиятни юксалтириш, тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш каби масалалар асосий ўринда қайд этилган.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятнинг олис ҳудудларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, хонадонбай ишлаш тизими асосида вилоят марказидаги даволаш профилактика муассасаларининг малакали мутахассисларидан иборат тарғибот гуруҳларининг аҳоли хонадонларида тиббий кўриклари ташкил этилди. 

– Тарғибот тадбирларимиз вилоятимизнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Қўшработ туманидан бошланди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сухроб Зайниев. – Самарқанд шаҳридаги 23 та даволаш профилактика муассасалари ҳамда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вилоятимиздаги филиалларининг 600 нафарга яқин мутахассислари аҳоли хонадонларига кириб борди. Мақсад аҳолига соғлом турмуш тарзини тушунтириш, тўғри овқатланиш борасида тушунчалар бериш ҳамда бирламчи тиббий кўрик асосида уларнинг саломатлигини текширувдан ўтказишдан иборат. 

[gallery-6573]

Қўшработ туманининг 23 та маҳалласида ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида 3-4 хавф гуруҳларига кирувчи беморлар ҳамда хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. 

– Тарғибот тадбирининг туманимиздан бошланганлиги аҳолимизга яна бир қулайлик бўлди, – дейди Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев. – Беморлар аксарият ҳолларда касалликнинг авж нуқтасида шифокорга мурожаат қилади. Тарғибот тадбирлари давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш турли хасталикларнинг олдини олишдаги энг бирламчи вазифа эканлиги тушунтирилди. Шунингдек, тиббий маданият борасида ҳам тушунчалар берилиб, касалликни даволагадан олдини олиш афзаллиги қайд этилиб, илк аломатларда шифокорга мурожаат қилиш бўйича тушунча берилди. Энг муҳими, олис ҳудудлардаги аҳоли тарғибот асносида малакали мутахассислар кўригидан ўтиш ва уларнинг тавсиясини олиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, аёллар вилоят перенатал маркази мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. 

Бевосита хонадонида туриб, малакали мутахассислар текширувидан ўтиб, зарур тавсияларни олган фуқаролар ҳам тиббиётдаги ўзгаришлардан мамнун эканликларини билдиришди. 

– Вилоятимиз марказигагача 100 километрдан ортиқ масофа босиб, тиббий текширувларга боришга ҳар доим ҳам вақтимиз, имкониятимиз бўлавермайди, – дейди Заркент маҳалласида яшовчи Латиф Садуллаев. – Борганда ҳам турна қатор навбатларда туриб, бир мутахассисга киришга улгурсак, иккинчисига улгурмай ортга қайтардик. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан марказдаги мутахассисларнинг уйимизга келиб, бизни соғлом ҳаётга даъват этяпти.

Текширувдан ўтказиб, зарур кўрсатмаларни беряпти, бундан мамнунмиз. Саломатлигимдан шикоятим йўқ. Аммо онам гоҳ-гоҳида қон босимидан шикоят қиларди. Мутахассислар текширувидан кейин фақатгина қон босими эмас, аёллар хасталигидан ҳам безовта бўлаётганлиги аниқланди. Шифокорлар зарур кўрсатма ва тавсиялар бериб кетди.  

Туманда ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида 8 мингга яқин хонадонда 38 минг нафардан ортиқ аҳолига керакли тавсиялар берилди. Шунингдек, фуқароларга ноинфекцион касалликларга мойиллигидан келиб чиққан ҳолда, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар тарқатилди. 
 

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА