Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бемор болалар – улар сизу-бизнинг кўмагимизга муҳтож!
11:26 / 2022-08-22

Мутахассисларнинг таъкидлашича, саратон касалини келтириб чиқариши аниқ исботланган сабаблар маълум эмас.

18 ёшгача бўлган болаларда саратон касаллиги айниқса дунёнинг ривожланган мамлакатларида кўп учрайди. Тахминларга кўра, ривожланган давлатларда автомобиллар, табиий бўлмаган озиқ-овқатлар, радиация кўп. Шунинг ҳисобига иқлим шароити ёмонлашуви болаларда саратонни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.  

Туғилишдан то 18 ёшгача бўлган беморлар орасида 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида саратонга чалиниш кўпроқ. Бошқа ёшдаям бу касалга чалиниш ҳолати бор. Аммо болада 12 ёшгача бўлган давр нисбатан хавфли ҳисобланади. 

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг сўзларига кўра, Республика онкология ва радиология марказида айни дамда 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган 40 нафар бола даволанмоқда. 

– Бугун кўплаб болажонларимиз ва уларнинг ота-оналари бу касаллик билан курашмоқда, – дейди Лайло Рустамова. – Улар бизнинг мактабларимизда таҳсил олаётган ўқувчилар. Болалар ва саратон. Бу дард  Яратганнинг инсониятга юборган энг оғир синовларидан бири. Улар сиз-у-бизнинг кўмагимизга муҳтож. Ҳеч бир ота-онани бола азоби билан синамасин экан. Аслида тоза ҳавода юрганимизнинг ўзи буюк неъмат. Бу болалар учун эса қуёшга чиқиш ҳам мумкин эмас. Чунки улар кимё ва нур муолажаларини олишади. Мени энг хафа қилгани бу ердаги оналар фарзандлари ҳақида ўтган замонда гапиришади. 

“Мени қизим мактабда яхши ўқир эди”… “Мени қизим шифокор бўлмоқчи эди…”. Ота-оналар умидсиз. Уларга боласи соғайиб кетишига бўлган ишонч аслида соғайишга сабаб бўладиган энг катта омил эканлигини, фарзандининг бу оғир дарддан фориғ бўлишига аввало ота-онада ишонч бўлиши зарурлигини  таъкидладим. Республика болалар бош онкологи Тожиддин Мустафоев ҳам  фикримни тасдиқлади. Биз бугун уларга руҳан далда, мадад, ишонч бўла олишимиз керак. Тожиддин ака қўлидан тузалиб кетиб бугун ҳаётда ўз ўрнини топаётган собиқ беморлари ҳақида меҳр ва ғурур билан сўзлайди. У шу кунга қадар онкология соҳаси 800 мингдан зиёд жарроҳлик амалиёти бажаргани бироқ уруш қурбонларсиз бўлмагани каби йўқотишлар ҳам бўлишини ачиниш билан гапирди. 

Ўзбекистонда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини оширишдан иборатдир. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ушбу оғир хасталиклардан шифо топишни яхшилаш мақсадида ўтган 2021 йили Республика Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилди. Шунингдек, онкология ва гематология хасталикларидан даволанаётган болаларга ўқишини давом эттириш имконияти ҳам яратиб берилди. 

Республика Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида фаолият олиб бораётган  “Меҳрли мактаб”да узоқ муддатли даволанишга муҳтож болаларга индивидуал таълим дастурлари тақдим этилади. 

– Шифокор билан бемор болаларни таълим олиши учун ривожланган давлатларда яратилган шарт-шароитлар хусусида суҳбатлашдик, – деди Лайло Рустамова. – Мен бу ердаги бемор болаларнинг ота-оналарни тушкунликдан чиқариш учун кучли психологлар ёрдами кераклигини тушундим. Психологлар билан боғландик. Бундан ташқари саховатпеша тадбиркорлар томонидан бемор болажонларга аравача, замонавий кийим-кечак  ва мактаб учун зарур бўлган анжомлар совға қилинди. 

Аслида бундай яхшиликлар ҳақида гапирилмаслиги керак. Лекин мен шу ўринда саҳоватли инсонларимизни ушбу оилаларни қўллаб-қувватлашга чақиргим келди. Зеро, бу ердаги болалар ва ота-оналар бизнинг кўмагимизга муҳтож. Маҳаллий ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўз ҳудудларидан бўлган бу болаларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашса, оналаримиз ёлғиз эканликларини ҳис қилишмаган бўлар эди. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, бемор болажонларимиз Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари эътиборидадир. Уларнинг соғайиши, таълим  олиши учун барча қулайликлар яратиб берилади. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА