Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бемор Байден, “Кетмони учган” Трамп ва келишувдан қочган Исроил (+видео)
19:46 / 2024-07-20

Трампнинг қайтиши

Қўшма Штатлар сиёсатининг охирги ҳафтаси анча ташвишли, шов-шувли ўтди. Айниқса ноябрда бўлиб ўтадиган сайлов жараёни билан боғлиқ воқеалар кутилмаган тус олди. Собиқ Президент Дональд Трамп тарафдорлари билан учрашувда отиб кетилди. Шундан кейин пайшанба куни республикачилар билан йиғилишда суиқасд ҳақида гапириб берди.

Трамп айтишича, у илоҳий аралашув туфайли тирик қолган. Ўша лаҳзада у иммиграция ҳақидаги жадвални кўриш учун бошини бироз бурган.

– Жадвалга қараш учун ўнг томонга бурила бошладим, – деди у. – Кўпроқ эгилмоқчи эдим ва айнан шу ҳаракатни қилмаганим учун омадим келди. Шувиллаш овози эшитилди ва нимадир қулоғимга урилди. Бу фақат ўқ бўлиши мумкин, деб ўйладим. Хуллас, Худонинг инояти билан олдингизда турибман.

Фожеа Трампнинг обрўсини ошириб юборди. Шу вақтгача турли сабаблар билан судланиб, айбдор ҳисоблаб келинган сиёсатчи бир кунда жабрланувчи, суиқасддан омон қолган қаҳрамонга айланмоқда.

Агар қайта сайланса, дунёга тинчликни қайтариш, Американи яна буюк қилишни ваъда бераётган Трамп ҳафта охирида Владимир Зеленский билан гаплашди.

– АҚШнинг навбатдаги президенти сифатида мен дунёда осойишталик ўрнатаман, – деган Трамп. – Икки томон йиғилиб, тинчликка йўл очадиган келишувни муҳокама қилиб олиши мумкин бўлади.

Бу вақтда Байден коронавирус юқтириб олиб, Делавердаги уйида даволанмоқда. Сайлов олди дебатидан кейинги муваффақиятсизлик сабаб демократлар уни сайлов пойгасидан чиқишга ундамоқда. 81 ёшли Президент эса “охиригача бориш”ини айтмоқда. Унинг Илон Маск Трампни қўллаётганига ишора қилиб айтишича, Трамп ва унинг бойвачча дўстлари сайловни сотиб олмоқчи.

Ҳокимиятга интилаётган собиқ раҳбар Ким Чен Ин билан алоқани тикламоқчи.

– Биз Шимолий Корея томонидан ракета учирилишини тўхтатишга эришгандик, – деди Дональд. – Ҳозир КХДР ракета учирмоқда, лекин Оқ уйга қайтганимиздан кейин, бу давлат билан қайтадан келишиб оламиз. Ишончим комилки, Ким Чен Ин ҳам менинг Оқ уйга қайтишимни истамоқда. Ишонаман, у мени соғинган.

Ғазодаги вазият

Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу Ғазо сектори жанубидаги Рафоҳ шаҳрига борди, Исроил армиясининг 162-дивизияси жойлашган манзилда ҳарбийлар билан суҳбатлашди.

Ҳукумат бошлиғи Ғазо ва Миср ўртасидаги чегара ҳудуди, яъни Филадельфия йўлаги ва Рафоҳ назорат-ўтказиш маскани устидан Исроилнинг назорат ўрнатиши “сектордаги амалиётни давом эттиришда глобал аҳамиятга эгалигини таъкидлаган. Кузатув нуқтасига кўтарилиб, ўша жойдан жанговар ҳаракат ҳудудини кўздан кечирган. ҲАМАСга ҳарбий босим ўтказишгина Ғазода гаровда ушлаб турилганларни қутқаришга ёрдам беришини қайд этган.

Шунингдек, Исроилнинг ўта ўнг қанот миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Қуддуснинг Эски шаҳар ҳудудидаги муқаддас жой ҳисобланган Ал-Ақсо масжидига борган. Мазкур ташриф сулҳ битими тузиш мақсадидаги музокарани бузиш таҳдиди сифатида баҳоланмоқда. Фаластин томони бу ҳаракатни иғвогарона юриш, деб ҳисоблайди.

Фаластин ҳукумати пайшанба куни Ғазо марказига ҳужум вақти 24 соат ичида 54 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Сўнгги 10 кунда анклав маркази ўққа тутилиши 500 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

БМТ маълумотига кўра, қамалдаги Ғазода ўтган йил 7 октябрдан буён 500 дан ортиқ шифокор ва тиббий ҳамшира ҳаётдан кўз юмган. 36 касалхонадан 23 таси фаолиятини тўхтатган. Кўплаб тиббиёт муассасалари, хусусан Ал-Шифо касалхонасига бир неча бор ҳужум қилинган.

Секторга инсонпарварлик ёрдами киришига қўйилган тўсиқ туфайли минтақадаги шифохоналарда дори тақчиллиги кузатилмоқда.

БМТ суди Исроил Фаластин ҳудудида янги уй-жой қуришни тўхтатиши керак, деб ҳисоблайди. Суд қарорига кўра, ҳудудлар босиб олиниши натижасида етказилган зарар учун ҳам товон тўланиши керак. Нетаньяҳу бу хулосани рад этиб, яҳудий халқи ўз заминининг босқинчиси эмаслигини таъкидлаяпти.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув аллақачон “ҳаракатсиз” ҳолга келиб бўлган. Сулҳнинг сўнгги жараёнида Исроил томони иштирок этмаган ва ушбу қарорига ҳозирча ҳеч қандай изоҳ ҳам бермаган.

Европа ва Россия

Европа Комиссияси раислигида қолган Урсула фон дер Ляйен биринчи ишини Европада хавфсизликка қаратиб, ҳозирги вазиятда “Кучли Европа” кераклигини таъкидлаган. Сиёсатчи аёл келгуси беш йилда трансчегаравий таҳдидга қарши курашиш учун “Европа ҳаво қалқони”ни тузиб, қитъа мудофаа иттифоқини ташкил этишга умид билдирди. Унинг айтишича, ушбу лойиҳа учун барча шароит яратилади. Шундан кейин ҳам Кремль шундай қоладиган бўлса, Россия шунга монанд тайёргарлик кўриши лозим.

Пентагон Қўшма Штатлар гипер товушли ракета ишлаб чиқарилишини тезлатаётганини билдирди. Шу ҳафта Хитой АҚШ билан ядровий қуролни тарқатмаслик ва назорат қилиш бўйича музокарани давом эттириш борасидаги сиёсий муҳитга дарз кетганини маълум қилди. Шу тариқа Пекин Вашингтоннинг ўзини ўзи бошқарадиган Тайвань оролига қурол сотишига норозилик сифатида ушбу жараённи тўхтатди.

Қўшма Штатлар Пекиннинг қарорини қоралади. Таҳлилчилар эса бу ҳаракат глобал қурол назорати жараёнига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтяпти.

Хитой ва АҚШ етакчилари Си Цзиньпин  ва Жо Байден ўзаро ишончсизликни юмшатиш мақсадида ўтган йил ноябрь ойида ядровий қурол бўйича музокарани тиклаган эди.

<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/v1Itd7QpNeg" title="Kasal Bayden, “Ketmoni uchgan” Tramp va Kelishuvdan qochgan Isroil" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер Пекин билан муносабатда муаммо борлигига қарамасдан, айнан қурол-яроқ назорати бўйича ҳамкорлик давом эттирилмаслигига урғу берган. У Пекин айни ҳаракати билан Россияга эргашаётганини қўшимча қилган.

– Фикримизча, бундай ёндашув стратегик барқарорликка путур етказади, қуролланиш пойгаси хавфини оширади, – деди Миллер журналистларга.

Сардорбек Поёнов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.