Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беллашувларда жуда кўп техник нокаут кузатилди
19:18 / 2020-11-20

Ғазалкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бокс бўйича Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бир қатор эътиборга молик натижалар билан якунланди.

Тўрт кун давом этган мусобақада 130 нафарга яқин чарм қўлқоп устаси олтита вазн тоифасида яккалик ва жамоавий биринчилик учун баҳслашди. Офицерлар, сержантлар, курсантлар ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўтказилган ҳар бир жангда чемпионлик учун муросасиз кураш олиб борди. 

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида ўз йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Азизхон Абдуллаев 69 килограмм вазнда рингга кўтарилиб, унутилмас ғалабага эришди. Азизхон ҳал қилувчи беллашувда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Азизбек Қаҳрамоновни яққол устунлик билан мағлуб этди. Қолган бешта вазннинг барчаси шартнома бўйича ҳарбий хизмат қилиб, юрт тинчлигини қўриқлаётган кичик сержантларнинг ғалабаси билан якунланди.

Кичик сержант Жаҳонгир Давидов (Махсус авария-тиклаш бошқармаси, 63 килограмм), муддатли ҳарбий хизматчи Азизхон Абдуллаев (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи, 69 килограмм), кичик сержант Фахриддин Маматхўжаев (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, 75 килограмм), кичик сержант Исломбек Мўминов (Тошкент ҳарбий округи, 81 килограмм), кичик сержант Ҳусанбой Худайназаров (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, 91 килограмм) ва кичик сержант Сергей Қурбонов (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, +91 килограмм) ўз вазн тоифаларида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли ютуқни қўлга киритди. Финал баҳслари шу қадар шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлдики, уларнинг деярли барчасида ғолиблар ўз рақибларини муддатидан олдин техник нокаутга учратди.

– Бокс билан ўн ёшимдан шуғулланиб келаман. Биринчи марта Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганимдан ғоят мамнунман. Ярим финалда рақибимни бироз қийинчилик билан ютгандим. Ушбу ғалаба чемпион бўлишимда ишонч уйғотди. Илгари ҳам республика миқёсидаги мусобақада ғолиб бўлганман. Энди халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор имкониятимни ишга соламан, – деди 91 килограмм вазнда чемпион бўлган Ҳусанбой Худайназаров.

Ғолиб ва совриндорлар медаллар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Жамоавий ҳисобда биринчи ўринни қўлга киритган Ғазалкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга Мудофаа вазирлигининг махсус кубоги топширилди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамда Тошкент ҳарбий округи терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўриндан жой олди.

Асрор РЎЗИБОЕВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий  

коммуникациялар департаменти ходими.

ЎзА