French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Белгиланган вазифалар зиммамизга катта масъулият юклайди
11:14 / 2022-03-19

Муносабат

Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи марта Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалга оширишда соғлиқни сақлаш тизими, жонкуяр тиббиёт ходимларига таянамиз” мавзусидаги учрашувда давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглар эканман, охирги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилган ишлар сарҳисоби ҳаёлимдан ўтди.

Ҳаракатлар стратегиясида эътибор қаратилмаган бирон бир соҳа қолмадики, бугун, биз самарасини кўрмаётган бўлсак. Бу давр улкан ислоҳотлар ва катта ўзгаришларнинг муқаддимаси сифатида тарихда қолди, десам муболаға бўлмайди.
Ўтган беш йилда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, тиббиётнинг барча бўғинида туб ўзгаришлар бошланди.

Кези келганда таъкидлаш керакки, соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Тан олиш керак, яқин 5-6 йил илгари ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш асосан Тошкент шаҳрида жамланиши республика минтақалари аҳолисининг тегишли хизматлардан фойдаланишини чеклаб қўяётган эди. Хусусан, 2016 йилда республика миқёсида муайян турдаги патологик ўзгаришларни ўзида кузатаётган туғруқ ёшидаги хотин-қизлар, ҳомиладор аёллар ҳамда ёш оналарга чуқурлаштирилган тиббий хизматларни кўрсатиш билан асосан пойтахтда жойлашган Акушерлик ва гинекология илмий амалий маркази ва Республика перинатал маркази шуғулланар эди.

Эндиликда эса бу марказларнинг вилоятдаги филиаллари ҳам мавжуд бўлиб, юртимизнинг чекка ҳудудларидаги хотин-қизлар пойтахтга келишига ҳожат қолмади. Сабаби, мазкур муассасаларда ҳам аёлларга юқори малакали профилактика, ташҳис қўйиш хизматларини кўрсатиш, даволашнинг энг илғор инновацион технологиялари ва услублари амалиётга жорий этиб келинмоқда.

Муҳими, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолинмаяпти. Тизимда учраётган камчилик ва муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тараққиёт стратегияси доирасида 2022-2026 йилларда 227 та туғруқ комплекси ҳамда 46 та туманлараро перинатал марказлари тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланади.

Бундан ташқари, қўшимча 6 минг нафар аёлларга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилишига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Бу эса ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 5 баробар кўп кўрсаткичдир. Ўтган йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилмоқда.

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайганини алоҳида эътироф этиш керак. Чунки миллат генофондини яхшилаш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш она ва бола саломатлиги муҳофазаси репродуктив саломатликни мустаҳкамлашдан бошланади. Айниқса, бунда ўсмир қизлар саломатлиги катта аҳамиятга эга.

Шу боис, 2018 йилдан бошлаб мамлакатда дунёда биринчилардан бўлиб, ўсмир қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш билан деярли тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилди. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Яқин истиқболда 9-12 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ва бошқа 12 турдаги вакциналар учун 200 миллиард сўм ажратилиши аёллардаги бачадон бўйни саратони хасталикнинг олди олинишига сабаб бўлмоқда. Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида жойларда тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди, бу ўзгаришлар аҳоли томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Очиқ мулоқотда қайд этилганидек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, энг аввало, 182 та оилавий шифокор пунктида ичимлик суви тармоғи, 450 дан ортиқ муассасада иситиш, 650 тасида электр тизими тўлиқ таъмирланади. Шулар қаторида, 1 100 та тиббиёт муассасаси қайта қурилиб, жиҳозланади. 227 та туғруқ комплекслари таъмирланиб, уларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилади.;46 та перинатал марказлар қошида чақалоқлар реанимацияси ташкиллаштирилади.

Шунингдек, 39 та болалар шифохонасининг ҳолати ва улардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланади.Поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилади. Бу ишларга 6 триллион сўм маблағ жалб қилинади. Зеро, мамлакат тараққиёти йўлида белгилаб олинган катта режаларни амалга оширишда биринчи навбатда саломатлик муҳим омил ҳисобланади.

Мулоқотда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси тиббиёт соҳасида илмий янгиликлар кашф этилишига, даволаш иши бўйича янги технологиялар ва методикалар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Республика ихтисослашган педиатрия марказида генетик лаборатория ҳамда унинг 13 та ҳудудий бўлими ташкил этилади. Мазкур лаборатория болалар орасида ногиронликка олиб келувчи, шу жумладан, кам учрайдиган (орфан) касалликларни эрта аниқлаш бўйича генетик текширувлар ўтказадиган, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Бу билан ногиронликларнинг олди олиниб, оилаларда соғлом болалар туғилиши таъминланади.

Самимий, узоқ давом мулоқотда соҳани ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Албатта, ислоҳотлар доирасида белгиланган вазифаларни вақтида ва сифатли амалга ошириш орқали кўзланган мақсадларга эришамиз.

Мулоқотда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифасини ҳам кун тартибига қўймоқда. Ушбу масалани қисқа муддатда ва мукаммал равишда амалга ошириш биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди.



Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзА