Бухоро гарнизонидаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар Парламенти аъзолари иштирокида Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари ҳамда уларнинг жамият ва халқимиз ҳаётидаги амалий ифодаси мавзусида ҳарбий хизматчилар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Мурожаатномада илгари сурилган муҳим ташаббуслар, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасидаги устувор йўналишлар тўғрисида фикр алмашилди.

– Суҳбатда иштирокчиларга давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари, Ватанга садоқат, хизмат интизоми ва масъулиятни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим бошлиғи Эркин Шаропов.


Тадбир якунида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этишда ҳар бир ҳарбий хизматчининг масъулияти муҳим экани таъкидланиб, ўтказилган маърифат соати иштирокчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилгани қайд этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.