English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Белгиланган тартибга риоя қилиш инфекция занжирини узади
14:10 / 2020-07-09

Коронавируснинг оддий касаллик эмаслигини айримлар тушуниб етмаяпти.


Коронавируснинг оддий касаллик эмаслигини айримлар тушуниб етмаяпти. Шифокорларни тавсияларию карантин қоидаларига амал қилинмаётгани вируснинг тарқалишига имкон яратмоқда. Шу боис мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам чекловлар қайта тикланаётир.

Бугун кўчаларда ниқоб тақмаётган, оддий талабларни ҳам бажармаётганлар учраб турибди. Шу боис тарғибот ишларини кучайтириш янада муҳим. Карантин қоидаларини тарғиб қилишда ёшлар фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан пандемия даврининг илк кунларидан бошлаб «Кўнгилли тарғиботчи ёшлар» гуруҳи ташкил этилди. Аҳоли ўртасида карантин талаблари ва санитария қоидаларига қатъий амал қилинишини тарғибот қилувчи ана шундай фаол ва фидойи ёшлар сафи янада кенгаймоқда.

photo_2020-07-09_14-22-54.jpg

«Ёшлар иттифоқи – карантин тарғиботчиси» шиори остида ўтказилаётган тадбирлар барча жойларда тизимли амалга оширилмоқда. Тарғибот гуруҳлари барча туман-шаҳарларда тузилган бўлиб, ҳар бир ҳудудда 35-40, жами 500 нафардан зиёд кўнгилли ёшларни қамраб олган. Манзилли режа асосида бозорлар, савдо дўконлари, умумий овқатланиш жойлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларни дезинфекциялаш, фуқароларнинг кўчага тиббий ниқобсиз чиқмасликлари, ундан тўғри фойдаланишлари, иш ва жамоат жойларида оралиқ масофани сақлашлари, тиббиёт қўлқоплари ва антисептик воситаларидан мунтазам фойдаланиш зарурлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолига «Коронавирусни қатъий карантин билан енгамиз!» шиори мазмуни акс этган эслатма материаллар ҳамда бепул тиббий ниқоблар тарқатилмоқда.

– Фарғона, Қувасой, Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги муҳим ижтимоий объектлар, кўчалар ва маҳаллаларда 200 нафардан зиёд фаол кўнгилли ёшлар карантин тарғиботи билан шуғулланмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров. –Фарғона шаҳридаги тарғиботчи ёшлар шаҳар марказидаги савдо мажмуаси, Аҳмад ал-Фарғоний хиёбони, деҳқон бозори, гул бозори ва ушбу объектларнинг атроф ҳудудларида дезинфекция ишлари ва карантин тарғиботини амалга оширди. Данғара туманидаги тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан «Настарин» савдо маркази, туман марказий бозори ва автошоҳбекат ҳудуди, шунингдек, «Навбаҳор», «Истиқлол», «Боғиш», «Найманча» маҳалла фуқаролар йиғинларида шундай тадбирлар ўтказилди.

Кўринмас ёв атрофда кезиб юрибди. Белгиланган тартибга риоя қилиб, ўзимизни, оиламизни асраш мазкур инфекциянинг занжирини узишда муҳим аҳамиятга эга. Шуни асло унутманг!

photo_2020-07-09_14-22-56.jpg

photo_2020-07-09_14-22-58.jpg