Муносабат
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилги Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб берди. Унда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари таҳлил қилиниб, келгуси давр учун муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ижтимоий давлат тамойиллари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг самараси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида сезиларли даражада акс этмоқда. Бу қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурлари ва бюджет сиёсатининг халқ манфаатларига хизмат қилаётганидан далолатдир.

Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш масаласи алоҳида эътибор билан тилга олинди. Аниқ рақамлар ва натижалар бу борадаги сиёсатнинг самарадорлигини яққол кўрсатмоқда. Жорий йилда 5 миллион нафар аҳолининг даромадли бўлгани, 1,5 миллионга яқин фуқаронинг камбағалликдан чиққани, 1 435 та маҳалланинг “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилгани тарихий натижадир.
Бу ютуқлар маҳаллада жорий этилган янги бошқарув тизими, “еттилик” институти, кредит, субсидия ва компенсацияларга асосланган ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги модели билан бевосита боғлиқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида биз ушбу ислоҳотларнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлашни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйишимиз лозим.
Президентнинг 2026 йилни – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилиш таклифи жамиятимизда мамнуният билан кутиб олинди. Чунки маҳалла нафақат ҳудудий бошқарув бўғини, балки ижтимоий бирдамлик, тарбия, ўзаро ёрдам ва фуқаролик масъулияти мактабидир.
Шу боис, Мурожаатномада маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, уларни аҳолини даромадли қиладиган иқтисодий маконга айлантириш учун салмоқли молиявий ресурслар ажратилиши белгиланди. Жумладан, маҳалла инфратузилмаси учун ўнлаб триллион сўм маблағ йўналтирилиши, депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун қўшимча ресурслар берилиши парламент аъзоларининг жойлардаги масъулиятини янада оширади.
Бу борада Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллий аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, ҳар бир лойиҳанинг ҳақиқий ижтимоий самара бериши устидан парламент назоратини кучайтиради.
Шунингдек, Мурожаатномада таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва хотин-қизлар масаласига алоҳида урғу берилди. Камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш, инклюзив таълимни жорий этиш, техникумлар ва касбий таълимни янги босқичга олиб чиқиш буларнинг барчаси инсон капиталига қаратилган узоқ муддатли инвестициядир.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори технологияли тиббий хизматларни кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар аҳоли ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Яна бир муҳим жиҳат Президент томонидан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо муросасиз муносабат билдирилганидир. Бу жамиятимизда ижтимоий адолат тамойиллари янада кучайиб бораётганидан далолатдир. Хусусан, оилавий зўравонликни фақат шахсий муаммо эмас, балки бутун жамиятнинг дарди сифатида баҳолаш муҳим концептуал ёндашув саналади.
Бу борада биз, депутатлар қонунчилик базасини такомиллаштириш, профилактика механизмларини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида ижтимоий давлат қуриш йўлидаги қатъий ирода, халқ билан очиқ мулоқот ва аниқ натижага қаратилган ислоҳотлар дастури мамлакатимиз олдидаги устувор йўналиш эканлиги яна бир бор ўз аксини топди. Ушбу мақсадларни амалга оширишда қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва халқ билан мулоқотни янада кучайтириш орқали ўз ҳиссамизни қўшиш олдимизда турган устувор вазифа саналади.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА