Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Белдирсой” оромгоҳи энг зўр нархни таклиф қилган тадбиркорга сотилади
12:49 / 2021-04-17

Тошкент вилояти мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бой, инвестицион жозибадорликка эга ҳудудларидан бири.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВлари, журналистлар ва блогерлар учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур ташкил қилинди.

Пресс-турнинг асосий моҳияти мамлакатимизда кенг кўламда олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёнлари, объектларни очиқ ва шаффоф сотиш тизимлари билан журналистларни яқиндан таништиришдир.

Ташрифнинг биринчи объекти – денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда, Тянь-Шан тоғ тизмасининг этагида, Бўстонлиқ минтақасининг Белдирсой трактида жойлашган “Белдирсой” оромгоҳи чанғи мажмуаси. Сирли ва бетакрор табиати, арча ўрмонлари, ёввойи гул ва ўсимликлар билан қопланган мафтункор тоғли ҳудудлари, чакалакзорлар, шаршаралари, минг дардга шифо ҳавоси барчани мафтун этади.

Тошкент шаҳридан 100 километр узоқликда жойлашган мазкур мажмуанинг умумий ер майдони 46,1 гектарни, бино ва иншоотларнинг умумий майдони 9 628,0 квадрат метрни ташкил этади. “Белдирсой” мажмуаси бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ одамни қабул қилиши мумкин. Мажмуа ҳудудида 19 та коттеж, 38 хонали меҳмонхона, 80 ўринли иккита ресторан, 3 та бар, ёзги ва қишки бассейнлар, 2 та конференц-зал мавжуд. Биринчи тиббий ёрдам шохобчаси, бадминтон корти, 2 та теннис корти бор. “Белдирсой” мажмуаси тўрт фаслда ҳам ишлайди.

“Белдирсой” мажмуасига яқин жойда таниқли “Кумбел” чанғи йўлаги мавжуд. Эслатиб ўтамиз, Британиянинг “Обсервер” нашри Белдирсой тоғ-чанғи курортини дунёдаги экстремал чанғи ва ҳели-чанғи учун энг яхши жойлар рўйхатига киритган. Кенг чанғи майдонларига эга бўлган йўл энг қийин йўллардан биридир.

– Бугунги кунда Тошкент вилоятида Президентимиз фармонига асосан йирик активларни хусусийлаштириш режалаштирилган, –дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Ортиқбоев. – Шулардан бири Бўстонлиқ туманидаги “Белдирсой” оромгоҳи алоҳида энг жозибадор таклифларнинг берилиши ҳисобидан сотилиши белгиланган. Мазкур мажмуа бўйича жорий йилнинг 30 март куни электрон савдоларда эълонлар берилган. Эътиборли жиҳати, бу жараёнда хорижий инвесторлар ҳам иштирок этиши мумкин. Объект бир ой давомида энг яхши таклифлар йиғилиб, ўзининг инвестицион жозибадорлик таклифи билан иштирок этган энг яхши тадбиркор ёки хорижий инвесторга сотилади. Таклифлар 30 апрелга қадар танлаб олинади. Ҳар бир таклиф шаффоф давлат тендер комиссияси томонидан ўрганилади. 30 апрелдан сўнг давлат тендер комиссияга инвестицион таклифларнинг энг яхшилари киритилиб, танлов ғолиблари эълон қилинади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА