French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Белбоғли курашнинг истиқбол ва имкониятлари муҳокама қилинди
15:56 / 2026-02-16

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Энергетика техникумида “Белбоғли кураш: салоҳият, ютуқлар ва янги имкониятлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман юқори савияда ўтказилди. Тадбир миллий спорт турларини ривожлантириш, хусусан белбоғли курашнинг нуфузини ошириш ва унинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Анжуман Сирдарё вилояти спорт бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган барча спорт таълим муассасалари мураббийлари, фахрийлар ва ёш спортчилар иштирок этишди.

Анжуманнинг аввалида сўзга чиққан масъуллар белбоғли курашнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва унинг жисмоний ҳамда маънавий баркамолликни шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар. Таъкидланганидек, белбоғли кураш нафақат куч ва эпчилликни ривожлантириш, балки интизом, сабр-тоқат, матонат ва ватанпарварлик руҳини тарбиялайди.

Конференция давомида 2025 йил якунлари танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Республика ва халқаро мусобақаларда қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб қилинди, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди ва 2026 йил учун устувор вазифалар белгиланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, сирдарёлик белбоғли курашчилар 2025 йилда бир қатор республика ва халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришдилар. Масалан, 24–27 март кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўтказилган 2010–2011 йилда туғилган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 3 та олтин ва 4 та бронза медаль, 17–20 апрель куни Андижондаги ўсмирлар чемпионатида 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль, шунингдек 10–13 июль кунлари Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги ўсмирлар чемпионатида 2 та бронза ва 2 та кумуш медаль қўлга киритилди.

[gallery-27683]

Энг асосийси, изчил тайёргарлик ва мураббийлар меҳнати натижасида Сирдарёлик белбоғли курашчилар умумий ҳисобда Ўзбекистон чемпионатида 9 та олтин, 5 та кумуш ва 17 та бронза медални қўлга киритишди. Шунингдек, халқаро нуфузли мусобақалар — Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда кубокларда ҳам 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан вилоят шарафини ҳимоя қилишди.

Сирдарё вилоятида белбоғли кураш спорт тури бўйича 6 та спорт таълим муассасасида мунтазам машғулотлар ташкил этилган. Бу муассасаларда 13 нафар мураббий фаолият юритиб, 22 та спорт гуруҳи ишлаб келмоқда. Ҳозирги кунда ушбу гуруҳларда 420 нафар спортчи белбоғли кураш билан шуғулланмоқда, шундан 79 нафари қизлар — бу спорт турига қизиқишнинг йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолат беради.

Бироқ конференцияда иштирокчилар томонидан мураббийлар малакасини мунтазам ошириш, илмий-методик ёндашувларни жорий этиш, селекция жараёнини такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар алоҳида қайд этилди. Бу чоралар нафақат вилоят ва республика нуфузини кўтаришга, балки келажакда халқаро майдонларда ҳам спортчи ёшларни тайёрлашга хизмат қилади.

–  Белбоғли кураш — бу шунчаки спорт тури эмас, балки миллий қадриятларимизни ифодалаш усули, – дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вилоят бўлими бошлиғи  Маъмурбой Умаров. – Бугунги конференция орқали мавжуд салоҳиятимиз таҳлил қилинди, ютуқларимиз сарҳисоб этилди ва олдимизга янги, янада юксак марралар белгиланди. Энг муҳими — устоз ва шогирдлар ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш ва ёшларимизни халқаро майдонларда муносиб иштирок этишга тайёрлаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик. Бу каби анжуманлар белбоғли курашни ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ҳудудларда белбоғли кураш тўгаракларини кўпайтириш, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни қамраб олиш ҳамда мураббийлар учун доимий малака ошириш курсларини йўлга қўйиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Конференция доирасида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” да фахрий чемпионлар, тажрибали мураббийлар ва ёш спортчилар бир даврада жам бўлиб, ўз ҳаётий тажрибалари ва машаққатли йўллари ҳақида сўзлаб беришди.

Анжуман якунида белбоғли кураш ривожига муносиб ҳисса қўшган мураббийлар, спортчилар ва фахрий устозлар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Уларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Шу тариқа, халқаро анжуман Сирдарёда белбоғли курашни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш ва келгусида янада юксак натижаларга эришиш йўлида муҳим амалий қадам сифатида баҳоланди.

Ғулом Примов, Анвар Тўйчиев (сурат), ЎзА