Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Белбоғли курашчиларимиз жаҳон чемпионатининг илк кунида 12 медални қўлга киритди
10:40 / 2021-10-29

Россиянинг Қозон шаҳрида белбоғли кураш (борьба на поясах) бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ХIX жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.

Чемпионатда дунёнинг 40 га яқин давлатидан  250 нафардан ортиқ полвонлар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров бошчилигидаги 18 нафар терма жамоамиз аъзоси ҳам мазкур жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этмоқда.

Жаҳон чемпионати регламентига кўра, дастлаб белбоғли курашнинг эркин йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.

Муросасиз ва шиддатли тарзда ўтган беллашувларда ҳамюртларимиз 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 8 та бронза медалига эга чиқиб,  умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Чемпионатда ўз вазн тоифаларида Нодирбек Аҳаджонов, Мафтунабону Маҳмудова олтин, Ҳусанбой Носиров, Жасурбек Исроилов кумуш, Ҳусниддин Рўзиев, Аъзамжон Анваржонов, Достонбек Обиджонов, Муроджон Хамидов, Оғабек Аматбоев, Мухлисахон Сотволдиева, Манзураой Мўйдинова, Зиёдахон Эргашева бронза медалини қўлга киритди.

Бугун жаҳон чемпионатида белбоғли курашнинг классик йўналишида беллашувлар бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада полвонларимиз бош мураббий Аъзамжон Шокиржонов қўл остида баҳсларга киришмоқда. Халқаро тоифадаги ҳакамларимиз Бекберган Болтаев ҳамда Неъматулло Тўйчевлар эса ушбу жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилмоқда.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА