Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Белбоғли кураш: Тойлоқда сараланганлар халқаро мусобақаларда қатнашади
10:10 / 2022-03-20

Хабар берганимиздек, Самарқанддаги Тойлоқ олимпия ва паралимпия захиралари коллежида белбоғли кураш бўйича 2004-2005 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Икки кун мобайнидаги қизғин беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча  вилоятларнинг 300 нафарга яқин ёш полвонлари белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида кураш олиб боришди.

Муросасиз баҳслар якунига кўра, жиззахлик Самандар Бурхонов, фарғоналик Изатилла Жўманов, навоийлик Беҳруз Абдураҳмонов, наманганлик Асомиддин Зокиржонов, самарқандлик Орзубек Омонов каби ёшлар ўғил болалар орасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Райҳона Ортиқбоева, Феруза Собирова, Азизабегим Нажимова, Муслима Аҳмедова, Мадинабону Қаҳрамоновалар Ўзбекистон чемпиони мақомига эга бўлишди.

– Мусобақа ҳар томонлама юқори даражада ўтди. Асосийси, ушбу ёш тоифасида Ўзбекистон терма жамоасига номзод спортчиларни саралаб олдик. Ушбу ёшлар энди терма жамоа таркибида жорий йил давомида ўтадиган қитъа ва жаҳон чемпионатларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишади, – дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров.

Чемпионатда ғолиб ва совриндор бўлган ёш спортчилар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва совғалар билан тақдирланди.


Т.Рўзиев, ЎзА