Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БЕЛБОҒЛИ КУРАШ: Полвонларимиз жаҳон чемпионатида 13 та медални қўлга киритишди
12:43 / 2020-12-14

9-13 декабрь кунлари Россия давлатининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш (борьба на поясах) бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли мусобақада белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллардан иборат терма жамоамиз (бош мураббий Аъзамжон Шокиржонов) ҳам муносиб иштирок этишди.

11 декабрь куни старт берилган баҳсларда эркаклар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишида 8 та вазн тоифасида, хотин-қизлар эса 5 та вазн тоифасида кураш тушишди. Қувонарлиси, 35 та давлатдан йиғилган энг сара спортчилар орасида полвонларимиз 3 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медалларини эгаллашга муваффақ бўлиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди ва кучлилар қаторидан жой олишди.

Белбоғли курашнинг эркин йўналиш бўйича беллашувларда спортчилардан 57 кг. вазн тоифасида Ойбекжон Ҳамидов (Наманган), 68 кг.да Ойбек Султонов (Андижон), 52 кг.да Фарангиз Абдунабиева (Сирдарё) лар барча рақибларини енгиб, олтин медалларни қўлга киритишди. 82 кг.да Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), 100 кг.да Аъзамжон Анваржонов (Андижон), +100 кг.да Шерзод Раҳимов (Фарғона), 58 кг.да Манзураой Мўйдинова (Фарғона) кумуш медалларига эга чиқишган бўлишса, 62 кг.да Муроджон Раҳимов (Хоразм), 52 кг.да Мадина Акрамова (Андижон), 66 кг.да Земфира Азатова (Қорақалпоғистон), +76 кг.да Анифе Куртсеитова (Андижон) лар учинчи ўринни банд этиб, бронза медаль соҳибларига айланишди.

Классик йўналишда полвонларимиздан 62 кг.да Ҳусанбой Носиров (Андижон) учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 100 кг. да кураш тушган Зайлобиддин Ортиқов иккинчи ўринни банд этиб, кумуш медаль эгасига айланди.

Жаҳон чемпионати беллашувлари якунига етгач, тантанали тарздаги тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров бошчилигидаги делегация аъзолари бугун 14 декабрь эрта тонгда Тошкентга қайтиб келди.

Пойтахтимизнинг “Ислом Каримов” номидаги халқаро аэропортида жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари ота-оналар, устоз-мураббийлари, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вакилларидан иборат кенг жамоатчилик томонидан муносиб кутиб олинди.
 

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА