Хабар берганимиздек, жорий йил 29 сентябрь — 3 октябрь кунлари Туркиянинг Бурса вилояти Изник шаҳрида Бутунжаҳон этноспорт ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур ўйинларда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров етакчилигидаги 17 нафар спортчимиз иштирок этди.
Полвонларимиз дастлаб томошабинларга белбоғли кураш бўйича кўргазмали чиқишларни намойиш этди.
Турли кўринишда бажарилган белбоғли кураш усуллари ишқибозлар олқишига сазовор бўлди.
Вакилларимиз 30 дан зиёд давлат полвонлари билан кечган шиддатли баҳслар натижасига кўра, турли вазнларда 6 тадан олтин, кумуш, бронза, жами 18 та медалга мушарраф бўлди, дейилади Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси хабарида.
Ўйинлар жараёнидаги жозибали кўргазмали чиқишлар ҳамда Халқаро этноспорт ташкилоти билан ўтказилган музокара ва келишувлар натижасида миллий спорт туримиз бўлган белбоғли кураш Бутунжаҳон этноспорт ўйинлари дастуридан расман жой олгани эътироф этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА