English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беларуснинг “Россия қучоғидан” чиқиб кетиш имкониятини йўқотгани айтилмоқда
16:23 / 2021-12-28

Беларусь “Россия қучоғидан” чиқиб кетиш имкониятини йўқотди, деди Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясининг келгуси раҳбари, германиялик дипломат Кристоф Хойсген RND медиагуруҳига берган интервьюсида, деб ёзмоқда РИА Новости.

"Имконият бор эди. Президент Лукашенко уни қўлдан чиқарди. Германия ва Европа ҳамма нарсани қилиб кўрди, масалан, Шарқий ҳамкорлик доирасида Беларусга давлатни ислоҳ қилиш, мамлакатни жаҳон иқтисодиётига яқинлаштириш ва уни Россия қучоғидан озод қилиш учун ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ у (президент Лукашенко) мамлакатни либераллаштириш ва демократлаштириш унинг ўзига сиёсий зарар келтиришидан қўрқди. Мана шунинг учун ҳам у Россияга иқтисодий ва сиёсий қарам бўлиб қолди. Украина эса бошқа йўлдан кетди", – деди германиялик дипломат.  

Беларусь билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар 2020 йилда Беларусда бўлиб ўтган президент сайловидан кейин ёмонлашиб кетди. Ушбу сайловда Александр Лукашенко олтинчи бор ғалаба қозонди. Шундан кейин мамлакатда мухолифатнинг рухсат этилмаган оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтди. 

Декабрь ойининг бошида Европа Иттифоқи Беларусга янги санкция жорий қилди. Бу ўтган йилги президент сайловидан кейинги Беларусга солинган бешинчи санкция ҳисобланади. Бешинчи санкция рўйхатидан беларуслик 17 нафар хусусий шахс ва 11 та ташкилот жой эгаллади. Энди Евроиттифоқнинг антибеларусь санкцияси рўйхатига киритилган жисмоний шахслар сони жами 183, ташкилотлар сони эса 26 тага етди.  

Санкциялар мазкур рўйхатга киритилган хусусий шахсларни Европа Иттифоқига киришга тақиқ қўяди ҳамда уларнинг ва ташкилотларнинг банк ҳисоблари музлатилади.  

Бундан ташқари, европалик хусусий шахслар ва компаниялари ушбу рўйхатга киритилганларга маблағ бера олмайди.