Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беларуслик ирода ва матонат соҳиби Тошкентда
15:46 / 2022-11-14

Сузиш бўйича Паралимпия ўйинлари ғолиби, Европа чемпиони ва рекордчиси, инсонларга руҳий далда бериш бўйича ажойиб нотиқ Алексей Талай Тошкентга келди. Спортчини Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев кутиб олди.

Беларуслик машҳур пара атлет ташрифнинг илк кунида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлди. Пара спортчилар билан учрашди.  

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган оммавий югуриш мусобақаларида иштирок этди ҳамда мусобақа жараёнида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азиз Комилов билан суҳбатлашди. Мулоқотлар жараёнида мамлакатимизда имконияти чекланган спортчилар учун яратилган шарт-шароитларга, давлатимиз томонидан паралимпия спорт турлари ривожига кўрсатилаётган эътиборга юқори баҳо берди. 

Таъкидлаш керакки, Алексей Талай дунё аҳлига ирода ва матонат тимсоли сифатида таниш. Иккинчи жаҳон уруши даврида қолиб кетган миналар портлаши оқибатида қўл ва оёқларидан ажралган беларуслик Алексей умри давомида нафақат яшаш учун куч ва ирода топди, балки миллионлаб кишиларга имконсиз, тушкун ҳолатда ҳам ҳаёт учун курашиш, янги ғалабаларга эришиш мумкинлигини кўрсатди.   

Бугунги кунда Беларусда Алексей Талай фонди фаолият кўрсатмоқда. Ушбу фонд ўтган йиллар мобайнида дунёдаги минг-минглаб эътиборга муҳтож инсонларга хайрия ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Унинг матонатига ҳурмат белгиси сифатида Беларусдаги мактаблардан бири Алексей Талай номи билан юритилади.  

Алексей кўплаб мамлакатларда имконияти чекланган инсонлар учун руҳий қувват берувчи маърузалар ўқиб келмоқда. Жорий йил 16 ноябрь куни ана шундай учрашувлардан бири пойтахтимиздаги «Халқаро форумлар саройи»да ташкил этилиши режалаштирилмоқда.  

 

Тўлқин Рўзиев,    

ЎзА