Беларусда ҳали ҳам 10 мингдан зиёд мигрант қолмоқда
Европа иттифоқига ўтмоқчи бўлиб турган 10 мингдан зиёд мигрантлар ҳамон Беларусь ҳудудида қолмоқда, деб баёнот берди Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Рига шаҳрида Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин журналистларга.
Аввалроқ Беларусдан Ироқнинг 430 нафар фуқароси ватанига қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
"Жами ўн мингдан зиёд мигрант ҳали ҳам Беларусь ҳудудида қолмоқда", — деди Моравецкий.
Унинг таъкидлашича, ватанига қайтиш имкониятидан фойдаланганлар – улар "ушбу вазиятдан бирор нарса умид қилиб бўлмаслигини ва уларни Лукашенко режими ҳамда контрабандистлар алдаганини тушуниб етган одамлардир".
Шунингдек, Моравецкийнинг маълум қилишича, чегарада инқироз бошлангандан буён Польша ҳукумати одамларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишга алоқадор қарийб 400 киши қўлга олган. "Улар турли миллат вакиллари бўлиб, ораларида Ғарбий Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари одамлари ҳам бор", — деди у.