Беларусь ҳарбий қисмлар тайёргарлигини текшира бошлади
– Бугун Қуролли Кучлар қўшини ва ҳарбий қисмлар тайёргарлиги, вазифалар белгиланган тартибда бажарилиши ҳолати тўсатдан текширила бошланди, – дея хабар берди Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати. – Ракета тизими, артиллерия, самовий кучлар ва ҳаво мудофааси жалб қилинган ҳолда, жанговар тайёрлик назоратга олинган.
Тадбирга тезкор қўмондонлик ҳарбий бўлинмалари, махсус амалиёт кучлари, ракета ва артиллерия қўшини, ҳаво кучлари жалб этилган.
“Анадолу” ёзишича, биринчи босқичда белгиланган ҳудудларни тезкор эгаллаш, муҳандислик-техник тайёрлик, хавфсизлик ва мудофаани ташкил этиш, жанговар хизматга киришиш ҳолати таҳлил қилинади.
– Келгусида ҳарбий қисм ва бўлинмалар жанговар тайёргарликка оид вазифани бажариши керак. Текширувни ташкил этиш учун Брест ва Гомель вилоятларидаги синов майдонлари, тегишли ҳудудлардан фойдаланилади, – дейилган ахборотда.
Бу даврда умумий фойдаланиладиган йўлларда ҳарбий техника ҳаракатланиши мумкин, дея огоҳлантирган тегишли департамент.