Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Анвар Давлетов билан учрашди ва қатор саноат корхоналарида бўлди.
Элчихона матбуот хизмати хабар беришича, учрашув ва музокаралар чоғида савдо-иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилинган.Томонлар воҳага саноат, гўшт ва сут маҳсулотлари, Беларусга эса мева-сабзавот, тўқимачилик ва бошқа товарларни ўзаро етказиб бериш режасини тузишган.

Жаноб элчи Ҳазорасп туманидаги “New Best Style" масъулияти чекланган жамияти гул қоғоз (обой) фабрикасида тайёр маҳсулот турлари билан танишди. “KовоTех” МЧЖда эса беларуслик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш имконияти таҳлил қилинди.

“Дамас” ва “Лабо” русумли автомашиналар ишлаб чиқариладиган “UzAuto” заводида маҳаллийлаштириш ва автомобиль учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш масаласи кўтарилди. Бундан ташқари Беларуснинг юртимиздаги дипломатик миссияси раҳбари “Khorezm insulation group” МЧЖ қўшма корхонасида базальт минерал жун ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Шунингдек, “UzXCMG” МЧЖда Беларусь махсус техника ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш салоҳияти ўрганилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА