Беларусь Республикасининг бизнес делегацияси аъзолари Ўзбекистондаги ташрифлари доирасида Жиззах вилоятида ҳам бўлди.
Меҳмонлар воҳадаги агрокластерлар фаолияти билан атрофлича танишиб, қишлоқ хўжалиги, техника ва агробизнес соҳаларида жиззахлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Делегация аъзолари дастлаб Жиззах шаҳрида ташкил этилган Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида бўлиб, ярмарка иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни диққат билан томоша қилишди.

Беларуслик меҳмонларнинг Жиззах эркин иқтисодий зонаси дирекциясида маҳаллий тадбиркорлар билан Б2Б тартибидаги учрашувлари бўлиб ўтди. Учрашувларда томонлар ўз фаолияти бўйича тақдимотлар қилиб, видеороликлар намойиш этишди. Беларусь Республикаси Гомел савдо- саноат палатаси, “Гомселмаш” ва “Гомелагрокомплект” компаниялари замонавий технологиялар ва маҳсулотларини тақдим қилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Беларусь компаниялари томонидан қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналари етказиб бериш бўйича дастлабки келишувлар имзоланди.

Ана шу ҳамкорлик келишувлари Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида аграр соҳада ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари