Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бекзод Ҳамроев: "Миллий валютамизнинг қадрини ошириш учун аввало инфляцияни 5 фоизга туширишимиз керак" (+видео)
11:52 / 2022-08-02

Маълумки, инфляция, бу – пулнинг қадрсизланиши. Иқтисодиётнинг бошқа бирор соҳасида инфляция сўзи ишлатилмайди. Инфляциянинг энг ёмон ижтимоий оқибати, у аҳолининг турмуш даражасини пасайтиради.

Инфляция кўрсаткичи мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорликни ифодаловчи муҳим иқтисодий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ички истеъмол бозорида товар ва хизматлар нархлари умумий даражасининг ўзгаришини ўзида акс эттиради.

Давлат статистика қўмитаси маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатимизда инфляция даражаси халқаро амалиётга мувофиқ истеъмол нархлари индекси (ўртача геометрик катталикдан фойдаланган ҳолда ўзгармас вазнларда) асосида ҳисобланади. Шу мақсадда ички бозордаги 510 турдаги истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари кузатиб борилади. Ўзбекистонда йиллик инфляция 12,2 фоизни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоиз, тараққий этган давлатларнинг ҳеч қайсида инфляциянинг йиллик даражаси 2 фоиздан ошмайди. Мисол учун, Хитойда инфляциянинг йиллик даражаси 1,8 фоиз. Мазкур давлатларда инфляция муаммоси йўқ.

Халқаро валюта фондининг экспертларига кўра, агар инфляциянинг йиллик даражаси 3 фоиздан ошмаса, бу мўътадил инфляция ҳисобланади. Аммо Европада бу бошқача. Хусусан, Маастрихт шартномасига кўра, Евро ҳудудга аъзо мамлакатларда инфляциянинг йиллик даражаси 2 фоиздан ошмаслиги керак. Ҳозирда 19 та давлат Европага аъзо. Мазкур давлатларда инфляциянинг йиллик даражаси 2 фоизни ташкил этади.

Бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида инфляцияга қарши курашиш давлат иқтисодий сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Иқтисодчиларнинг фикрича, Россия табиий монополь маҳсулотлар ва хизматлар баҳоси ўсишини чекламагунча инфляцион таргетлаш бўйича кўрсаткични бажаролмади. Россияда табиий монополлар иқтисодиётда жуда катта мавқега эга. 

Шу сабабли Россия табиий монополлар маҳсулотлари ва хизматлари баҳосини ўсишини чеклашга эришди. Бизда эса табиий монополларнинг хизмат ва маҳсулотлари бир йилда, бир неча бараварга ошади. 

Мисол учун бензинни олайлик. Сўнги йилдан неча маротаба ошди. Табиий монополлар товар ва хизматларининг нархи барқарор ушланса, инфляцияга барҳам беришга маълум миқдорда эришиш мумкин. «Ўзбекнефтигаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ каби ташкилотларнинг рақобатчиси йўқ. Булар табиий монополия ҳисобланади. Бу табиий монополияларнинг маҳсулоти баҳосининг ошиши бошқа тармоқлар учун катализатор вазифасини ўтайди. Чунки бу хизматлардан ҳамма тармоқ фойдаланади. Шунинг учун нархни оширдими, бошқа тармоқларнинг ҳам нархи ошиб кетади. Шу боис мамлакатимизда ҳам 2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш бошланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 январдаги 60- сонли фармони билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда инфляция бўйича аниқ мақсад ва кўрсаткич белгиланди. Унга кўра, 2023 йилдан бошлаб инфляциянинг йиллик даражаси Ўзбекистонда 5 фоиздан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, 2019 йилда 11 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга, кўра инфляцияга қарши курашиш Марказий банкнинг бош мақсади ҳисобланади. Белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумот олиш мақсадида Марказий банк раиси ўринбосари Бекзод Ҳамроев билан суҳбатлашдик.

– Ҳар бир давлат Марказий банкининг инфляцияга қарши курашиш режаси бор, – дейди Марказий банк раиси ўринбосари Бекзод Ҳамроев. – Бизда 2023 йилнинг охирида 5 фоизга тушириш бўйича қарор асосида таргет белгилаб олинган. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати айнан шу – 5 фоиз таргетга тушишига қаратилган. Бунинг тагида чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Босқичма босқич чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

– Юқорида айтиб ўтдингиз 2022 йилда йиллик инфляция 9-8 фоизни ташкил этиши белгиланган. Аммо бугунги кунда йиллик инфляция 12 фоизни ташкил этмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Йиллик инфляция 12 фоизни ташкил этишига сабаб бор. Жорий йилнинг февраль ойида бўлган геосиёсий вазиятлар ва жаҳонда биз импорт қиладиган товарларнинг нархлари кўтарилиши юртимизда инфляциянинг маълум маънода ошишига сабаб бўлди. Йил охиригача инфляция 12-14 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

– Ўзбекистонда инфляция қандай омиллар натижасида юзага келади?

– Инфляцияни юзага келтирувчи омиллар иккига бўлинади. Монитар омиллар, Монитар бўлмаган омиллар киради. Монитар омилларга пул массасининг ўсиши билан боғлиқ омиллар киради. Муомаладаги пул массасининг ўсиши, давлат бюджети дефицитининг, иқтисодиётда банклар берадиган кредитнинг ўсиш суратлари ошишига хизмат қилади. Бунга Марказий банк жавоб беради.

Иккинчиси Марказий банкка боғлиқ бўлмаган монитар бўлмаган омиллар ҳисобланади. Айтайлик, ҳозир бутун дунёда иқлим билан боғлиқ ўзгаришлар инфляцияга салбий таъсир қилади. 

Мисол учун, кўплаб давлатлардаги қурғоқчилик. Бунинг оқибатида ҳосил самарали бўлмайди. Оз-овқат нархи ошади. Ҳозирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бутун дунё энг устувор вазифасига айланган. Шу омиллар қўшилади.

Миллий валютанинг қадрсизланиши, деганда нимага нисбатан қадрсизланишига эътибор бериш керак. Миллий валюта товар, озиқ-овқат маҳсулотлари ёки қайси давлатнинг пули, бўлар ҳам бизнинг миллий валютамизга нисбатан битта товар. Миллий сўмимиз 1994 йилга нисбатан чет эл валютасига қараганда қадрсизланган. Қарийб 30 йил мобайнида қадрсизланган. Лекин бунинг асосий сабаби инфляция. Чунки 1996-1997 йилгача инфляция 100 фоиз юқори эди. Яъни нархлар икки баробар ошган. 

Бу ишлаб чиқариш, маҳсулот етказиб бериш билан боғлиқ. Бундан кейинги 2000-2004 йилларда инфляция маълум бир маънода секинлашган. Ўша вақтларда ҳам инфляция паст бўлмаган. Йиллик камида 10-15 фоиз инфляция бўлиб келганлиги учун миллий валютамиз қадрсизланган. Чунки инфляция бўлиб туриб, миллий валютангиз қадрсизланмасдан қолиши қийин масала.

– Ўзбекистонда пул алмаштирилса, инфляцияга барҳам берса бўладими?

– Йўқ. Сабаби, мана шу методни қўллаган давлатлар бор. Номларини санаб ўтирмайман. Аммо инфляцияни пасайтиришга эриша олмаган. Миллий валютамизнинг қадрини ошириш учун аввало инфляцияни 5 фоизга туширишимиз керак. Кейин пулни алмаштиришни ўйласак бўлади.

– Инфляцияни тушириш бўйича Марказий банк томонидан қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

– Ўтган 3-4 йилни оладиган бўлсангиз, йиллик инфляция 18 фоизни ташкил этган. 3 йил ичида 10 фоизгача туширдик. Бу йил ҳам инфляцияни 8-9 фоизга тушириш мақсад қилинган эди. Аммо бугунги ташқи факторлар, логистика билан боғлиқ бошқа омиллар ҳисобига жорий йилда ҳам инфляция юқорироқ бўляпти. Лекин 5 фоизга албатта эришамиз.

<iframe width="1903" height="800" src="https://www.youtube.com/embed/rOC7pJ6raiM" title="Инфляция қандай омиллар натижасида юзага келади?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА