Бекзод Ҳамдамов Наманган вилояти Чуст тумани ҳокими этиб тайинланди
Бугун, 17 июль куни халқ депутатлари Чуст тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Бугун, 17 июль куни халқ депутатлари Чуст тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Вилоят раҳбари ўз чиқишида Чустда сўнгги йилларда салмоқли ишлар, муҳим ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этди. Бироқ кейинги пайтларда туман раҳбариятида талабчанлик, назорат пасайди. Хусусан, бу кайфият иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигида яққол сезилди. Қолаверса, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш борасидаги кўрсаткичлар ҳам мутлақо талабга жавоб бермайди.
— Аҳолиси салмоғи жиҳатидан туманларимиз орасида пешқадам бўлган, қарийб 270 минг киши истиқомат қиладиган Чуст жуда катта салоҳиятга эга. Буни туманни 5 йил давомида бошқарган раҳбар сифатида яхши биламан. Талаб этиладигани — бу ернинг меҳнаткаш, мард ва танти халқини бир мақсад йўлида бирлаштириш, ташаббускорлик ва шижоат. Туманда катта марраларни белгилаганмиз. Эркин иқтисодий зонани ташкил этиш бўйича режаларимиз амалга ошса, тумандаги ишлаб чиқариш ҳажми Наманган шаҳри билан тенглашиши мумкин. Оғасарой, Ақча, Олмосда янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига юзлаб иш ўринлари яратилади. Туманда чорвачилик соҳасида ҳам йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд, — деди вилоят ҳокими.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Чуст тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Баҳодир Охунов ўз лавозимидан озод этилди.
Вилоят ҳокими шу кунга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Бекзод Ҳамдамов номзодини Чуст тумани ҳокими лавозимига таклиф қилди.
Депутатлар вилоят ҳокими томонидан таклиф этилган номзодни маъқулладилар. Бу юзасидан бўлиб ўтган музокараларда Чуст туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Бозорова, меҳнат фахрийси Абдусаттор ота Ғофуров сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Бекзод Ҳамдамов Чуст тумани ҳокими этиб тайинланди.