Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бекободликларни боғлаган кўприк
22:32 / 2025-10-31

Қарор ва ижро

Бекобод тумани ҳудудидаги Сирдарё дарёси устидан ўтувчи 200 метр узунликдаги янги кўприк, унга туташ 6 километр узунликдаги автомобиль йўли фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Президент Администрацияси масъул ходимлари, Тошкент вилояти фаоллари, туман жамоатчилиги, нуронийлар ва ёшлар, қурувчи бунёдкорлар, соҳа мутасаддилари, журналистлар ва кенг жамоатчилик қатнашди.  

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори, ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан лойиҳа қисқа қуриб битказилди. Сўзга чиққанлар барчани самимий қутлаб, йил сайин жойларда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, жойларда қулайликлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини алоҳида айтиб ўтди.  

Таъкидланишича, Бекобод тумани Дўстлик ва Янгиовул маҳаллалари ҳудудларини боғловчи Сирдарё дарёси устидан кўприк қурилиш ишларига 1989 йилда рухсат берилиб, 1991 йилга бориб тўхтаб қолган.

[gallery-26017]

 – Кўп йиллик орзуларимиз амалга ошди, – дейди Янгиовул маҳалласида истиқомат қилувчи Тоҳир ота Янгибоев. – Авваллари туманимиз марказига бориш учун Бекобод шаҳрига бориш керак бўлар эди. Бу ортиқча вақт ва харажатларни талаб қиларди. Энди эса барчаси яхши, хурсандмиз.  

Ушбу кўприк қурилиш ишлари орадан 35 йил ўтиб, Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги тегишли қарори асосида қайта бошланди. Лойиҳа қиймати 72 миллиард сўм бўлиб, кўприкнинг узунлиги 200 метр, йўл қисмининг узунлиги 6 километрни ташкил этади. Муҳими бу ташаббус халқ ҳаётини ўзгартираётган, юзлаб, минглаб инсонлар тақдирига ёруғлик олиб кираётган, умидни қайта тирилтираётган лойиҳадир.

Тажрибали мутахассислар қурилишнинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, ишлар замонавий техникалар ёрдамида амалга оширилди. Мустаҳкам темир-бетон пойдеворлар босқичма-босқич барпо этилди. Ер ости йўл ўтказгичи пойдеворларидаги қурилиш ишлари 100 дан ортиқ тажрибали мутахассис ва 20 дан зиёд замонавий техника иштирокида олиб борилди.

Автомобиль йўлида ер ишлари, асосий қурилиш ишлари, сув қочириш лотокларини ўрнатиш, тунги ёритиш чироқларини жойлаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган пиёдалар йўлагини қуриш ҳамда йўлнинг габаритини кенгайтириш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, йўлнинг 1,4 километр қисмида 2 тасмали автомобиль йўли 4 тасмали йўлга айлантирилиб, асфальт ётқизиш ишлари бажарилди.

Бажарилган ишлар натижасида ҳаракат жадаллиги сезиларли даражада ошди. Бир суткадаги автомобиль ҳаракати сони 2 мингтадан 14 мингтагача етди, яъни 7 баробар кўпайди.

Шунингдек, 200 метр узунликдаги кўприк ва унга туташ 6 километр узунликдаги автомобиль йўли қурилишини ўз ичига олган ушбу объект фойдаланишга топширилиши билан мазкур ҳудуд аҳолисини узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммо бартараф этилди. Яъни, Бекобод туманидаги Дўстлик ва Янгиовул маҳаллаларини марказ билан боғловчи автомобиль йўли 44 километрга қисқартирилишига эришилди.

Тадбир давомида “Дўстлик” МФЙнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида автомобиль йўли бўйларига манзарали дарахт кўчатлари экилди.  

Эндиликда замонавий кўприк маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг анча вақтини тежайди. Қолаверса, автоуловлар қулай ҳаракатланишига хизмат қилади.  

Кўприкнинг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқди.  

А. Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари