Тошкент вилояти мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ўз тажрибаси ва салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири бўлиб, салмоқли меҳнат қилаётган фермерлар, устоз мақомига эришган миришкор деҳқонлар ва боғбонлар жуда кўп.
Бекободлик Нарзинисо опа Боқиева ҳам ана шундай йилнинг тўрт фаслида ҳам даласи билан тиллашадиган, ер унинг дардини тинглайдиган фермерлардан. У ҳар қарич тупроқни боласидек асраб-авайлайди.
Қаҳрамонимиз 2001 йилгача 20 гектар ерда бригада тизимида иш олиб боради. 2008 йилда оптималлаштиришдан сўнг хўжалик майдони 84 гектарга етади. Ҳозир фермер хўжалигидаги 40 гектар ерда ғалла етиштирса, қолганини пахтага ажратган. Ғалла ўрими мавсумида у вилоятда биринчилардан бўлиб юқори ҳосил олади. Нарзинисо опа ерни “темир интизом” билан парваришлайди. Балки шунга бўлса керак уни халқ орасида "темир хотин" деб, айтишади. Шогирдлари эса доимо ундан маслаҳат олиб туради.

Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, фидокорона меҳнати ҳамда Ватан равнақи йўлидаги муносиб ҳиссаси эътироф этилди.
Мазкур фармонга асосан, турли соҳаларда самарали фаолият юритиб келаётган Тошкент вилоятининг ҳам бир гуруҳ хотин-қизлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Бекобод туманидаги "Боқиева Нарзинисо" фермер хўжалиги бошлиғи Нарзинисо Боқиева ҳам "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.
— Байрам арафасида давлатимиз раҳбарининг шундай юксак эътирофига муносиб кўрилганимдан жуда хурсанд бўлдим, — дейди Н.Боқиева. — Туман ҳокимлигидан шу хабар ҳақида телефон орқали айтишганида ўтган йиллар давомидаги меҳнатларим кўз олдимдан ўтди. Чарчоқларим тарқаб кетгандек бўлди. Мен деярли 40 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайман. Ҳудудимизда мен каби кўплаб аёллар бор. Бу давлат мукофоти уларга ҳам берилган эътибор намунасидир. Жорий йилда ҳам янада масъулият билан ишни ташкил қиламиз. Айниқса, пахтачиликда Хитой технологияси асосида янги навларни далаларга экишни режа қилганмиз.
Нарзинисо опанинг ҳаёт йўли осон кечмаган. Оиласидан ортиб, иш фаолиятидаги ютуқлари ортидан ҳозиргача “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Мўътабар аёл” каби кўкрак нишонлари соҳиби бўлди. Аммо у олган энг катта мукофот халқнинг ҳурматидир.
А. Мусаев, ЎзА