French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бекободга катта футбол қайтди
20:33 / 2026-01-23

Бекобод шаҳрида “Металлург” футбол клуби расмий равишда қайта ташкил этилди.

Бу ҳақда Бекобод шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирда маълум қилинди. Унда “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, футбол фахрийлари, клуб масъуллари, мураббийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.  

Дастлаб сўзга чиққан “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Б.Абдуллаев, мазкур жамоанинг тарихи ва мамлакат футболидаги ўрни, қайта ташкил этилишининг стратегик аҳамияти ҳақида айтиб ўтди. Хусусан, “Металлург”нинг нафақат шаҳар, балки бутун Ўзбекистон спортида ўрни катта. Шу туфайли комбинат ишчилари ва ҳудуд аҳолиси ўртасида сўровномалар ўтказиб, мазкур футбол клубнинг фаолиятини қайта ташкил этиш борасида ижобий фикрлар олинди. Шу сабаб ҳам катта туртки бўлди.  

[gallery-27280]

Тадбирда, шунингдек, клубнинг янги бош директори Улуғбек Мирзаев ва бош мураббий лавозимига эса  Илҳом Мўминжонов тайинлангани эълон қилинди. У жамоа таркиби ва футболчиларни ривожлантириш бўйича ўз мақсад ва вазифаларини баён қилди. Унинг бошқарувида жамоа Про-лига даражасида қатнашини ва барқарор натижаларга эришиши режалаштирилгани айтилди. Янги мураббий ёш футболчиларни тарбиялаш ва профессионал муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беришини таъкидлади.

— Муҳими, қайта ташкил этилган “Металлург” клуби фаолиятида нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонда танилган истеъдодли футболчилар етишиб чиқиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, жамоа таркибида стратегик ривожланиш, легионер футболчилар билан ишлаш ва спорт инфратузилмасини янада кучайтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган, — дейди “Металлург” футбол клуби бош мураббийи Илҳом Мўминжонов.  

Маълумот учун, “Металлург” футбол клуби 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон футболида кўп йиллик тарих ва тажрибани мужассам этган профессионал жамоа ҳисобланади. Клуб йиллар давомида Суперлига ва биринчи лига мусобақаларида иштирок этиб, Бекобод шаҳрининг спорт маданиятида муҳим ўрин эгаллади. 2002 йилда Суперлигада қўлга киритилган бешинчи ўрин жамоанинг энг барқарор ва самарали даврларидан бири сифатида тарихга кириб қолди.  

Ўтган даврда “Металлург” нафақат ўз мухлислари орасида, балки бутун мамлакат футбол жамоатчилиги орасида ҳурмат қозонди ва кўплаб ёш футболчиларни етиштиришга ҳисса қўшди. Сўнгги йилларда юзага келган ташкилий ва молиявий ҳолатлар туфайли клуб фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга, “Металлург” номи, унинг тарихи ва анъаналари ўз аҳамиятини йўқотмади ҳамда жамоани қайта тиклаш зарурати жиддий мавзу сифатида сақланиб қолди.

Тадбирда “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Б.Абдуллаев ва комбинатнинг фахрийлар кенгаши раҳбари А.Фармоновга махсус футболка топширилди. Шундан сўнг рамзий равишда “Металлург” футбол клуби фаолиятини расман бошлангани эълон қилинди.

Якунда оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.  

А. Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари