Мамлакатимиз тараққиётининг асосий шартларидан бири – тинч ва хавфсиз ҳаёт, соғлом турмуш тарзини таъминлашдир. Соғлом турмуш тарзи эса, биринчи навбатда, глобал муаммога айланган гиёҳвандлик, наркотик воситалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларидан ҳимояланишдир. Айниқса, ёш авлодни бу иллатлардан муҳофаза қилиш жуда долзарб.
Ички ишлар органларига бу борада масъулиятли вазифалар юкланган. Ана шу вазифалар амалда қандай бажарилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Сир эмаски, Марказий Осиё аввалдан Афғонистонда ишлаб чиқариладиган гиёҳвандлик воситалари учун транзит ҳудудлардан бири бўлиб келган. Бироқ, кейинги йилларда вазият кескин ўзгарди – минтақада “шимолий йўналиш” бўйича транзит хавфи билан бирга, янги хатарлар ва таҳдидлар пайдо бўлди.
Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳоли орасида янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда “енгил наркотик” сифатида кучли таъсир қилувчи дори воситалари оммалашди. Уларни ахборот технологиялари ёрдамида яширин усулларда тарқатиш ҳолатлари кескин кўпайди. Ҳатто яширин “нарколаборатория”лар аниқланди. Бундай салбий ўзгаришлар хавфсизлик, профилактика ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишларини янги даражага олиб чиқиш зарурлигини кўрсатди.
Шу боис, гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг ва нотиббий истеъмолининг олдини олиш йўналишида бир қатор профилактик чора-тадбирлар тизимли тарзда олиб борилмоқда. Сабаби, профилактик чора-тадбирлар муаммо ҳали келиб чиқмасидан унинг олдини олишни тақозо қилади. Ички ишлар органлари фаолиятида бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ҳар йили февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг тарқалишига қарши курашиш” кенг қамровли профилактик тадбири ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам мазкур тадбир давомида таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, аксарият қисми ёшларни ташкил этган корхона ва ташкилотларда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида 53 минг маротабадан кўп учрашув ўтказилиб, тадбирларда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Давра суҳбатларида ёшлар орасида “енгил наркотик” сифатида оммалашиб бораётган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг инсон саломатлигига салбий таъсири мутахассислар томонидан атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, 100 мингдан ортиқ буклет, флаер ва плакатлар тарқатилди.
Тадбир доирасида 2 минг 442 спорт мусобақаси, 681 тасвирий санъат кўрик-танлови, 361 театрлаштирилган саҳна кўриниши, 171 челленж, 161 “Қувноқлар ва зукколар” интеллектуал ўйини, 72 марафон ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида 1967 маротаба чиқишлар қилинди.
– Гиёҳвандликка қарши курашишда “Қора дори” тадбири ҳам ўтказилади. Бу тадбир қандай натижа бермоқда?
– Ҳар йили май-июнь ва август-сентябрь ойларида икки босқичда “Қора дори” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилади. Жорий йилда мазкур тадбирнинг биринчи босқичида наркожиноятларни аниқлаш баробарида оммавий ахборот воситаларида 1 минг 521 маротаба чиқиш қилинди. Интернет орқали 739 маротаба тарғибот ишлари олиб борилди.
Бу каби тадбирлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатган бўлса-да, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини нотиббий истеъмоли, шунингдек, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятчилик ўсиб бормоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январда “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қфилинди. Шу асосда январь ойида “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ҳамда апрель-май ойларида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди.
Ушбу жараёнларда тўпланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб, 15 июлдан 15 августга қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг иккинчи босқичи амалга оширилди. Тадбирга ички ишлар идоралари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жалб этилиб, Ички ишлар вазирлигида тезкор штаб ва ҳар бир ҳудудда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Илк маротаба гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш йўналишида туну кун ишлаб турадиган “Колл-марказ” ташкил этилди. Марказга тажрибали тезкор ходимлар билан бирга, ИИВ Академияси ва тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари жалб этилди. Натижада аҳолидан келиб тушган 598 маълумот дарҳол ўрганилиб, фуқароларга ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди, тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
– “Маҳалла еттилиги”нинг жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги роли қандай самара бермоқда?
– Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, мактаб директори, соғлиқни сақлаш муассасаси вакили ва диний уламоларнинг ўз соҳаси бўйича наркожиноятлар ва гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолатларни эрта аниқлаш бўйича ҳиссаси ортди.
Профилактик тадбирларнинг таъсирчанлигини янада ошириш ва ёшларнинг қалбига йўл топишда замонавий усуллардан фойдаланилди. Машҳур инсонлар томонидан “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз – гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида челленж ва чиқишлар қилинди. Улар ёшлар орасида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
– Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган қандай амалий чоралар кўрилмоқда?
– Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 2 минг 599 шундай ҳолат аниқланди. Ноқонуний муомаладан 558 кг гиёҳвандлик воситалари, 376 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди, 10,5 минг тупдан зиёд таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ўсимликлар белгиланган тартибда йўқ қилинди. 1 минг 636 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Тадбирлар доирасида олинган моддаларнинг “қора бозор”даги тахминий нархи 259 миллиард сўмга тенг бўлиб, 3 миллион 898 мингта дозани ташкил этади. Бу заҳри қотил қанчадан-қанча оилаларнинг бузилишига, одамларнинг ўлимга олиб келиши, турли оғир жиноятларга етаклаши ҳам мумкин эди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг иккинчи босқичида 263 минг 765 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 12 минг 58 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Наркожиноятлар билан бир қаторда, уюшган жиноятчиликка қарши кураш йўналишида 3 минг 439, коррупция йўналишида 1 минг 650 ҳолат фош этилди. Терроризм ва экстремизм йўналишида 230 жиноят иши қўзғатилиб, 137 ноқонуний ҳужра аниқланди.
Умуман, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида жиноятчиликнинг сезиларли даражада камайишига эришилди. Хусусан, содир этилган жиноятлар ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар эса 39 фоизга камайди.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бир ой давом этган кенг қамровли тезкор-профилактик тадбир нафақат қонунбузарликларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, балки жамиятда хавфсиз ва соғлом ҳаётни қарор топтиришга хизмат қилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА