Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига кўра, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш белгиланган эди. Марказлар учун жой ажратиш ва бу жойларда тикувчилик, қандолатчилик цехлари ташкил этиш, хотин-қизларни касбга ўқитишни йўлга қўйиш, спорт билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратиш каби вазифалар ҳокимликлар зиммасига юкланган эди.
Бу борада Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда ҳам ишлар бошланган. Бир қатор маҳаллаларда марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.
– Биз мазкур янги тажриба асосида ўтган йил Каттақишлоқ маҳалласидаги биринчи сектор штаби жойлашган бинода марказ ташкил этиб, туман бўйича ишсиз, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишни йўлга қўйган эдик, – дейди Жомбой тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ҳилола Раҳимова. – Дастлаб бу ерда опа-сингилларимизга тикувчилик, қандолат пишириш, сартарошлик ўргатилган бўлса, ҳозирда бу касб-ҳунарлар 6 тага етди. Шу тарзда ўтган йил 1400 нафардан ортиқ хотин-қиз ўзи қизиққан ва ишлаб даромад топиш мумкин бўлган касбларга ўқитилиб, 150 нафардан ортиғига тикув машинкаси, пишириқ пишириш печи ва бошқа воситалар берилиб, ҳеч бўлмаганда, уй шароитида ишлаб, пул топишига эришилди. Бу йилдан марказда ҳар ой 300 нафаргача аёллар ўқитилмоқда. Эътиборлиси, бу ерда ўқиган хотин-қизлар ишлаб даромад қилиш билан бирга, ўз маҳаллаларидаги аёлларга ҳам ҳунар ўргатиб, уларга кўмак бермоқда. Мисол учун, Холвойи, Сарой маҳаллаларимизда бўш турган хоналар ана шундай ҳунарли аёлларга ажратиб берилди ва улар ҳудуддаги ишсиз хотин-қизларга касб ўргатяпти, ҳам ишлаб даромад қиляпти. Холвойи маҳалласидаги иккита бўш хона “Аёллар дафтари”да турган ишсиз аёлга берилгач, бу ерда иккита тикув машинаси билан иш бошланганди. Ҳозир 8 нафар хотин-қизлар шу жойда касб ўрганмоқда. Каттақишлоқдаги тажриба ўз самарасини бергани учун биринчи навбатда бошқа секторлар штабларида ҳам шундай марказлар ташкил этишга киришдик. Айни пайтда тўртинчи секторнинг Назар маҳалласида бу борада қизғин иш олиб борилмоқда. Аслида, Жомбой туманида томорқасида меҳнат қилиб, мева-сабзавот етиштириш, чорвачилик ва парранадачилик билан шуғулланаётган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Қолаверса, ҳудудда саноат корхоналарининг кўплиги сабабли бу масканларда ишловчилар ҳам кам эмас. Лекин корхоналарга бориб ишлашга оилавий шароити тўғри келмайдиган аёллар учун бирор ҳунар ўрганиб хонадонида меҳнат қилиш ҳам фойдали ҳисобланади.
Наймантепа маҳалласида яшовчи Гўзал Бўриева ана шундай бекалардан бири. У ўтган йил ўз ҳовлисида давлат кўмаги ва банк кредити орқали иккита кичик иссиқхона ташкил этиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлаган эди. Бугунги кунда бу хонадон вакиллари иссиқхона хўжалиги даромади ҳисобидан рўзғор тебратиш билан бирга, қўшимча маблағга эга бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Жомбойда 5278 хотин-қиз “Аёллар дафтари” га киритилди. Уларнинг 2057 нафари ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган хотин-қизлар ҳисобланади. Шунингдек, 264 нафар бекалар тадбиркорлик қилиш истагини билдирган. Йил давомида бу хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгиланган. Боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳам доимий эътибордаги масала ҳисобланади. Ушбу тоифадаги 930 нафар аёлларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари ҳажмида бир марталик моддий ёрдам, 48 нафарига уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари етказиб берилди. Айни пайтда, туманда 20 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қиз рўйхатга олинган. Уларнинг 12 нафари учун ҳомийлар томонидан уй қуриб берилмоқда, 8 нафарига эса ижара учун ойлик компенсация тўланяпти.
Жомбой тажрибаси сифатида туманда томорқаси мавжуд аёлларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун кўмак кўрсатилади. Уларга сабзавот ва полиз уруғлари берилиб, агротехник тадбирларни амалга оширишга ҳам ёрдам берилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА